Линклар

Президент сафарларининг самарасини ким таҳлил қилади?

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга 25 май куни бошланган навбатдаги давлат ташрифи чоғида Марказий Осиёда хавфсизлик ва ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилиши мўлжалланган.

Сафар олдидан Тошкент аэропортида маҳалий журналистларга интервью берган Президентнинг сўзларига қараганда, ташриф давомида Ўзбекистонга йирик миқдорда сармоя кириб келишини таъминловчи ҳужжатлар ҳам имзоланиши кутилмоқда.

Расмий манбаларда бундай ҳужжатлар сони 16 та бўлиши ва улар асосида Ўзбекистонга жами 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизилиши кутилаётгани айтилади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва қабул қилинаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди. Чунки Хитой демократик давлат эмас. У сиёсий жиҳатдан тоталитар, иқтисодий жиҳатдан эндигина бозор иқтисодиётига ўтаётган давлатдир.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг таъкидлашича, Президент сафаридан кўзланган мақсад, яъни Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ички муаммоларини ечишга Хитой жиддий кўмак беришга тайёр эмас. Чунки унинг бутун эътибори Тайвань муаммосини ҳал қилишга қаратилган. Шунинг учун Ўзбекистон Хитойни шу масалада иттифоқчи сифатидагина қизиқтиради, холос.

Хитой бундан бирмунча вақт аввал Ўзбекистонга бир миллиард доллар атрофида сармоя киритишини маълум қилган эди. Аммо бунча сармоя мамлакатга кириб келгани йўқ.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг эътирофича, Ўзбекистон раҳбарининг бу ташрифи ана шу сармояни жалб қилишга уринишдир.

“Албатта, расмий Пекин Ўзбекистондан Хитой моллари учун чегарани очишни талаб қилади. Ўзбекистон эса сармоя киритишни сўрайди. Менимча, Ўзбекистон томони бу сафардан иқтисодий жиҳатдан кўзлаган барча мақсадига ета олмайди”, - деди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошевнинг билдиришича, Ўзбекистон раҳбари бошқа давлатлар бошлиқларидан кўра 4-5 баробар кўп бора чет эл сафарларига чиқади. Лекин бунинг иқтисодий самарасини ҳеч ким таҳлил қилиб кўрмаётир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Бу икки давлат ўртасида хавфсизлик, терроризм, экстремизм, мамлакатлараро уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ҳамда қурол-яроғ савдосига қарши кураш ва ўзаро иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида бир неча ҳужжатлар имзоланган.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энг ривожланган тармоқ эса савдо-иқтисодий муносабатлардир. 2004 йилда икки давлат ўртасидаги йиллик товар айрбошлаш ҳажми 575 миллион долларга етди.

Шунингдек, бу давлатлар Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилмоқда.
XS
SM
MD
LG