Линклар

logo-print

Ўзбек депутати Андижон воқеаларининг юз беришида АҚШ ва Европа давлатларини айблади


Тўлқин Ўзбекистон парламенти Андижон воқеаларини ўрганиш учун депутатлар ва сенаторлардан иборат мустақил комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қонунчилик палатасининг 23 май куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши Андижон воқеаларига бағишланди. Депутатларнинг якдиллик билан таъкидлашича, бу воқеалар бир гуруҳ эктсремистлар томонидан содир этилган ва хорижий матбуотда нотўғри талқин қилинган.

Депутат Хуршид Дўстмуҳаммад Андижон воқеаларини ёритган хорижий ОАВ журналистларини танқид остига олди.

Х.Дўстмуҳаммаднинг таъкидлашича, кўча-куйда эшитган, асосланмаган гапларни дунёга ёйиш, шов-шув кўтариш журналистик касб одобига ва инсонийликка тўғри келмайди.

Депутат Аслиддин Рустамов ўз чиқишига Россия ва Хитой давлатлари Андижонда содир этилган воқеалар экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилганини тан олган бир пайтда бошқа баъзи давлатлар Ўзбекистон ҳукуматини қоралаганини танқид қилди.

“Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарлари мавжуд далилларга қарамай, Ўзбекистон ҳукуматини асоссиз айблай бошлади. Ушбу мамлакатлар, халқаро тузилмалар Андижон воқеалари бўйича ҳукуматимизнинг баҳо ва изоҳини кутмасдан инсон ҳуқуқлари борасидаги барчага маълум тезислардан фойдаланиб, қоралувчи баёнотлар билан чиқди”, - деди А.Рустамов.

У Европа давлатлари, АҚШ ва Буюк Британияни Андижон воқеаларининг келиб чиқишига ҳисса қўшганликда ва ўзлари сабаб бўлган воқеаларни халқаро комиссия тузиб, ўзлари текширмоқчи бўлаётганликда айблади.

“Халқаро комиссиянинг текширувлари натижалари хорижий ташкилотлар томонидан қўйилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ олдиндан белгиланади”, - деди А.Рустамов.

Депутат Эркин Юсупов Ўзбекистонда “мухолифат” тушунчаси журналистлар томонидан нотўғри қўлланилаётганини таъкидлади.

Депутат Боймурод Юсупов эса Андижон воқеаларини халқаро комиссия текширишига мутлақо қаршилигини, Олий Мажлис таркибида Андижон воқеаларини текшириш комиссияси тузиш тарафдори эканини билдирди. Йиғилишда унинг бу таклифи маъқулланди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу комиссиядан ҳеч қандай обьектив баҳо кутиб бўлмаслигини таъкидлади.

Унинг эътирофича, Ўзбекистон парламенти ҳукумат иродасини бажарувчи тузилмадир. Агар Андижон фожеаларида ҳукуматнинг айби бўлмаганида ҳар қандай комиссия текширувига рухсат этилган бўлар эди.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, халқаро комиссиянинг рад этилиши ҳукуматга нисбатан шубҳани янада оширади. Қолаверса, ҳукумат Андижон воқеаларига бошқа давлатларни ҳам айбламоқда. Шу боис, бу масала халқаро комиссия томонидан ўрганилиши мақсадга мувофиқ.
XS
SM
MD
LG