Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:39

Ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқлар давом этяпти


Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қаттиқ назорат ва таъқибга олиняпти, ҳатто баъзиларга уйларидан чиқиш маън қилинган.

Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси Татяна Давлатованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, 26 май куни эрталаб соат 5.30 да унинг уйига Чилонзор тумани ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи Зариф Худойқулов келиб, тезда туман ИИБга боришни талаб қилган. У кўнмагач, қўпол муомала қилишга ўтган. Шунда ҳам кўнмагач, ташқарига пойлоқчилик қилиб ўтирган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Андижон воқеаларидан кейин уйи фуқаро кийимидаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан доимий назорат қилинаётганини билдирди.

С.Икромовнинг айтишича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов уй қамоғида сақланаётгани эшитиб, ҳамкасблари ва “Freedom house” ваколатхонаси ходимлари билан уникига боришган. А.Бойматов ва қўшниларининг телефон симлари узиб қўйилгани, уй олдида учта машинада ҳуқуқ-тартибот ходимлари турганига гувоҳ бўлишган. Милиционерлар А.Бойматовни уйдан чиқармаслик тўғрисида буйруқ борлигини маълум қилган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов, “Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова ўзларининг ҳар қадами назорат қилинаётгани, оила аъзоларига очиқдан-очиқ пўписалар бўлаётганини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Юрий Коноплёвнинг билдиришича, 26 май куни у Хитой элчихонасини пикет қилишга чиқмоқчи эди. Аммо эрталабдан милиция ходимлари ҳеч қаерга чиқармаган. Улар ҳатто “Freedom house”даги давра суҳбатига ҳам ўзлари олиб бориб келишга рози бўлган.

Инсон ҳукуклари ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Андижон воқеаларидан сўнг расмийлар норозилик чиқишларининг олдини олиш учун барча чора-тадбирларни қўлламоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган пикетларга чиқадиган инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳали уйқудан турмасданоқ уйлари милиция ходимлари томонидан қуршаб олинмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Вячеслав Тутин “Озодлик” мухбирига инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳеч ким уй қамоғида ушлаб турмагани, уларга тазйиқ ўтказишга ҳеч ким фармойиш бермаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG