Линклар

Андижонда тинч аҳолига ким биринчи бўлиб ўқ узганди? 3-қисм


Андижонда 13-14 май кунлари содир этилган хунрезликларни халқ хотирасидан ўчиришнинг иложи бўлмайди. Бугун мазкур хунрезликларга бевосита гувоҳ бўлган шахслар халққа ким биринчи бўлиб ўқ узгани ҳақида ҳикоя қилади:

Фотомухбир: Мен воқеаларни суратга олаётган эдим. Уч-тўртта БТР келаётган эди. Мен уларнинг салобатини, важоҳатини яхшироқ тасвирга олиш учун кўча ўртасига ўтириб олдим. Одамларгача юз метр қолганда БТРлар отишни бошлади. Қўрққанимиздан қоча бошладик. Ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бизнинг орқамизда турган ҳокимлик биносига қараб ўт очилди.

У ерда луғавий маънодаги отишма бўлгани йўқ. Чунки бир томонлама ўқ отиш бўлди. Яъни аскарлар гўёки террорчилар, гўёки жуда катта исломий жиноятчиларга ота бошлади.

Аёл: Халқ тинчгина ўз арзи додини айтиб турган ҳолатда катта кўча томондан аскарлар ўқ отишни бошлади. Ҳамма жон сақлашга ҳаракат қилди. Ҳеч қандай огоҳлантириш бўлгани йўқ. Халқ ҳам ҳайвон эмас, инсон эди. Гап уқар эди. Бўри овга чиққандек, қасирлатиб отишди. Қочган қочди, қочмаганлар қирғинбаротга рўбарў бўлди. Эркак ҳам, аёл ҳам, болалар ҳам қочди. Қўлида боласи бор аёллар ҳам бор эди.

Халқ ўлиб кетса ҳам ҳеч ким ғамини емас экан. Бир сиқим раҳбарлар яшайверсин экан.

Ҳожи ака: Йўлнинг икки чеккасида жуда кўп аҳоли келаётган эди. Хотин, бола-чақаю эркак. Соат кечки 6.30 эди ўша пайтда. Шу пайтда ҳақиқий отиш бошланди. Қўққисдан томоша қилишга чиққанлар ҳам отиб ташланди. Сойга кетаверишда аскарлар ҳеч кимни аягани йўқ. Шундан кейин биз ҳам қочиб кетдик.

Уйга келиб ҳам кўзимга уйқу келгани йўқ. Эрталабдан кўчага чиққандим. Аскарлар ўликларнинг яқинига ҳам йўлатмади. “Камаз” олиб келишиб, ўликлар билан тўлдирди. Ундан олдин ҳам бир неча машина ўлик олиб кетилган экан. Кечаси билан ўликларни йиғиштирган экан. Мен кўрганимда эркагу аёл аралаш ортаверишди.

“Камаз” ўликни саржинлаб юкласа, қанча бўлади. Битта “Зил” олиб келишувди, орқа бортини ёпгандан кейин ҳам ўликлар кўриниб турарди. Бу машиналар Сой томонга кетди.

Асфальтларда қон дарё бўлиб кетган. Ариқлардаги қонни кўрсангиз. 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигитларнинг ўликлари букилиб ётибди. Бир аёл келиб дод деб бақирди. Укаси бўёқчи экан. Қизил велосипеди бор экан. Бировникида ишлаб келаётган экан. Бу болани илма-тешик қилиб юборишибди. Аёлга ёрдам берадиган инсон йўқ. Ҳеч ким ҳеч кимга ёрдам бера олмаяпти.

57 ёшли эркак: Кечки пайт соат олтидан ҳужум бошланди. Оломонга қараб ўқ узгандан кейин оломон қочиб, майдондан Сойга томон етиб бормасдан, 15-мактаб олдида аскарлар икки қатор бўлиб йўлда ётиб олган экан, роса отишди. Уйларнинг томларига ҳам уларнинг мерганлари жойлашган экан.

Юрт кексаларидан Ҳамид ака: Андижон халқи жуда изтиробда, жуда мотамда яшаяпти ҳозир. Ноҳақ инсонлар кўп ўлган. Дом-дараксиз кетган ўғил-қизларининг ўликларини топа олмаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Бировлар оталарини, оналарини, бировлар сингилларини, фарзандларини излаб топа олмаяпти. Буларнинг на ўлиги, на тириги бор.
XS
SM
MD
LG