Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:54

“Иймонга йўл” қандай рисола? 1-қисм


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда “акрамийлик” диний оқими раҳнамоси сифатида тилга олинаётган Акрам Йўлдошевнинг “Иймонга йўл” рисоласи, унинг мазмун-моҳияти хусусида олим ва мутахассислар турли фикрлар билдирмоқда.

“Озодлик” мухбири шу масалада исломшунос Бахтиёр Бобожонов, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев, Кўкалдош мадрасаси имом хатиби Анвар қори ва бухоролик муслима Озода Рафиқова билан суҳбатда бўлди.

О.Рафиқова: Бу рисолада Қуръон сураларига, ҳадисларга шарҳлар берилган. Шунингдек, шаръий қонунлар, ҳукмлар, таълим сиёсати, исломда ахлоқ ҳақида сўз юритилган.

Б.Бобожонов: Оддий турмушда ҳар бир воқеага мантиқий ёндашиш ўринлидир. Рисолада диний масалаларга мантиқий қараш зарарли экани айтилган. Бу эса янгилик эмас. Мисрда “Ҳижрат ва такфир” жамоати бор эди. Менимча, Акрам Йўлдошев уларнинг фикрларидан хабардор бўлиши мумкин. Рисолани эса махсус тадқиқ қилиб ўрганиб кўриш керак.

Т.Йўлдошев: Рисолада айтилган фикрларнинг барчаси мантиққа, яъни диндорлар ва бошқаларнинг тарбиясига боғлиқ. Дейлик, тадбиркорлик ҳақида баъзи сўзлар бор, биродарлик тушунтирилган. Бу эса ҳар қандай сиёсий, диний тарғиботга тўғри келади. Бу рисолада мен ислом динидан чиқишни сезмадим.

Анвар қори: Катта уламо ва устозларнинг эътирофини қозонмаган, маълум ва машҳур илмга эга бўлмаган киши рисоласини “Иймонга йўл” деб номлашининг ўзи шаръан ҳалол эмас. Ҳамма уламоларимиз иттифоқ бўлиб шуни айтади.

Мухбир: “Иймонга йўл” китобида диний экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи, давлат ва жамиятга хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳам борми?

Б.Бобожонов: Бу рисолада ҳеч қандай бундай ҳолатлар йўқ. Диний ихтилофлар ҳақида бир парча айтилган, холос. Муаллиф унда бирлашишга чақиради. Менимча, кимдир ўз фикрини билдиришининг зарари йўқ.

Анвар қори: Ўзбекистон ҳақида аниқ гап бўлмаса ҳам Ўзбекистондаги ҳанафий мазҳабда бўлиб, иттифоқликдаги мусулмонларни бўлишга хизмат қиладиган китоб бўлса, у шаръан маън қилинади. Бу китобда эътиқодий жиҳатдан адашиш бор. Иккинчи томондан, мусулмонларни ҳар хил ҳизбларга бўлинишга, айниқса, ёшларни, ҳали илмга эга бўлмаган кишиларни турлича бузғунчи даъватларга чақириш улкан гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбаримиз исломда ким ҳар хил йўллар тузадиган бўлса, у мусулмонлари фирқалантириб, бир-бирига қарши қилиб қўйиши ҳақида гапирган.

Т.Йўлдошев: Бу китобда Ўзбекистон сиёсати ёки мамлакатнинг ўзи таҳлил қилинган жой йўқ. Унда ҳукуматга қарши ёки мамлакатда исломий тузум ўрнатиш ҳақида ҳам гап йўқ. Экстремизм ҳақида сўз айтилмаган. Акрамийлик диний оқимининг ўзи ҳам, изи ҳам йўқ.
XS
SM
MD
LG