Линклар

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари БМТдан ёрдам сўради


Феруза Мамлакатда ҳукуматга мухолифатда бўлган турли тоифадаги кишиларга таъқиб-тазйиқлар кучайиб кетаётганидан хавотирга тушган ҳуқуқ ҳимоячиларидан бир гуруҳи БМТ, ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотларга очиқ мурожаат билан чиқди.

Ушбу мурожаатда Андижон воқеаларидан сўнг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар аъзолари, айрим сиёсий фаол фуқароларга нисбатан оммавий таъқиб-тазйиқлар авжга чиқаётгани баён қилинади ва бу вазиятга халқаро ҳамжамиятнинг аралашуви сўралади.

Мурожаат муаллифларидан бири, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, Тошкентда диний айблар бўйича судланаётган фуқаролар устидан суд жараёнлари 8 июнгача тўхтатилган. Шунга қарамай, 30 куни таъқибга учраган сиёсий фаол фуқаролар 25 тани ташкил этган бўлса, 31 майга келиб биргина Тошкент шаҳрида 40 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячиси шундай вазиятга тушган.

“Озодлик” радиосига ўзларига тазйиқ ўтказилаётгани билдириб, қўнғироқ қилаётган фуқаролар сони 31 май куни ҳам камайгани йўқ. Хусусан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Елена Урлаева, Светлана Борисова, Клара Шодмонова, Заҳро Иброҳимова ва бошқалар шу мазмунда радиога телефон қилди.

Уларнинг барчаси ҳеч қандай жиноий ҳаракатларга қўл урмаса-да, ўз маиший эҳтиёжлари учун ҳам уйдан чиқишга рухсат берилмаётганини билдирди.

С.Икромов ҳуқуқ ҳимоячиларини назорат қилаётган ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ўзларига юқоридан оғзаки буйруқ бўлганини айтаётганини таъкидлади.

Юқорида эслатилган мурожаат муаллифлари мухолифатдаги кучларни оммавий таъқиб қилишга шахсан Президентнинг ўзи кўрсатма бергани ҳақидаги тахминни илгари сурган.

Бироқ на Ички ишлар вазирлигида, на Президентнинг матбуот хизматида “Озодлик” мухбирига мавжуд вазият юзасидан изоҳ билдирадиган киши топилмади.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимларнинг бундай хатти-ҳаракатлари фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, мурожаат муаллифлари орасида таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Толиб Ёқубов, Васила Иноятова, Искандар Худойберганов, Шуҳрат Аҳмаджонов, Аъзам Турғунов, Юрий Коноплёв, Гавҳар Орипова, Юсуф Расулов ва Аҳтам Шоймардонов бор.
XS
SM
MD
LG