Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:54

Ҳуқуқ ҳимоячиларидан Жиззахдан кўчиб кетиш талаб қилиняпти


31 май куни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Зарбдор тумани бўлими раиси Мамаражаб Назаровнинг уйи олдига бир гуруҳ кексалар ва ички ишлар ходимлари йиғилиб, Жиззах вилоятидан кўчиб кетишни талаб қилди.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, вилоятда сўнгги вақтларда шу каби таъқибга олишлар ҳаддан ташқари кучаймоқда.

Айни пайтда Мамаражаб Назаров изсиз ғойиб бўлган. Унинг қаерга кетгани ҳатто оила аъзоларига ҳам номаълум. Улар оила бошлиғи топилиши билан Жиззахдан кўчиб кетишга қарор қилганини айтмоқда.

31 май куни Зарбдор туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов ҳам ички ишлар ходимлари томонидан кўчадан қўллари қайрилган ҳолда олиб кетилди.

Зарбдорлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдулла Раззоқовнинг билдиришича, бу воқеадан бир кун аввал М.Қурбоновга туман прокурори ва милицияси бошлиғи яшаб турган жойидан кўчириб юборилишини айтиб, пўписа қилган эди.

Ҳозир М.Қурбоновнинг Зарбдор тумани ички ишлар бўлимида ушлаб турилгани хабар қилинмоқда.

Вилоятда бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам тазйиқлар кучайган, баъзиларига нисбатан жиноят иши қўзғаш ҳаракатлари ҳам бошланган.

З.Раззоқовнинг таъкидлашича, 31 май куни унинг машинаси олиб қўйилган. Ички ишлар ходимлари бу машинада одам уриб ўлдирилган, деб айтмоқда.

Дўстлик туманилик ҳуқуқ ҳимоячиси Эгамназар Шойманов ҳам таъқиблардан қочиб, Тошкентга келди.

Унинг айтишича, ҳар бир қадамини милиция ходимлари кузатиб юргани боис тумандан кетишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг фикрича, вилоятда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳаракатларига чек қўйишга қатъий киришилган кўринади.

“Ҳукумат энг сўнгги чораларни қўлламоқчи. Ҳозир ҳуқуқ ҳимоячиларини жисмоний йўқ қилишга киришилгани белгилари мавжуд. Қизиғи шундаки, мен ҳозир сиз билан суҳабтлашиб турган пайтда уйимда икки ички ишлар ходими ўтирибди. Уч соатдирки, уларнинг сўроқларига жавоб бераяпман”, - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG