Линклар

Сирдарёлик бирликчилар Тошкентга етиб бора олмади


Лобар 30 май куни Тошкентда ўтказилиши керак бўлган норозилик акциясига сирдарёлик бирликчиларнинг вакиллари ҳам етиб бора олмади. Улар йўлда турли тўсиқларга учради.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Сирдарё вилояти бўлими раиси Убайдуллоҳ Эгамовнинг сўзларига қараганда, партиянинг уч вакили ўтирган машиналар ҳайдовчиларига йўлда жуда қаттиқ тазйиқлар ўтказилган. Ҳатто “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Исроил Ризаевнинг машинаси постда тўхтатилиб, олиб қўйилган.

У.Эгамов машиналарни алмаштириб ҳам Тошкентга етиб бора олмаганликларини билдирди.

“Турли тазйиқлар остида 4 машина алмаштирдик. Ҳар бирида бор-йўғи 8-10 километрдан юра олдик, холос. Сирдарё постига етганда у ёғига ҳатто пиёда ҳам ўта олмадик”, - деди У.Эгамов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг айтишича, Андижон вокеаларидан кейин тинимсиз таъқиб ва тазйиқлар учрамоқда. Уйи олдида ҳар хил шубҳали одамлар пайдо бўлмоқда.

У.Эгамов эса Андижон воқеаларидан кейин ҳатто телефон алоқасидан фойдаланишнинг иложи бўлмаётганини маълум қилди.

“Телефонларимиз ўчириб қўйилган. Магнит тасмага ёзиб олинган телефондаги суҳбатларимизни бир-биримизга эшиттириб, орамизга нифоқ қўзғашга ҳаракат бўляпти”, - деди У.Эгамов.
XS
SM
MD
LG