Линклар

logo-print

Шаҳарда юриш хавфлими?


Дилнаво Ўн кундан ошдики, ҳуқуқ-тартибот ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовни уйидан чиқишга қўймаётир. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Нина Горлованинг уйи ҳам қаттиқ назорат қилинмоқда.

А.Бойматовнинг сўзларига қараганда, у 22 майдан буён уй қамоғида сақланмоқда. Ҳар куни уйи олдида Тошкент шаҳри Ҳамза тумани ички ишлар бошқармаси ходимлари навбатчилик қилмоқда.

А.Бойматов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда мухолифатдаги партияларининг Андижон воқеалари бўйича иш олиб бораётгани ҳукуматнинг шундай тазйиқлар қўллашига асос бўлаётганини билдирди.

“Мен ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатдаги ташкилотлар бу воқеаларга ойдинлик киритиши тарафдориман. Чунки у ерда қандай хунрезликлар бўлгани, неча киши ўлиб, нечаси яраланганини ҳамма билиши лозим”, - деди А.Бойматов.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш жамияти вакиллари ҳам уй қамоғида ушлаб турилибди.

“Менинг уйим олдида маҳалла нозири ва жиноят қидирув бўлимидагилар турибди. Улар бошимиздан бир тола сочимиз тўкилмаслиги учун қўриқлашаётганини айтди. Агар бизга бирон нарса бўлса, улар боши билан жавоб бераркан. Ҳозир бизнинг шаҳарда юришимиз жуда хавфли эмиш”, - дейди жамият аъзоси Нина Горлова.

Н.Горлованинг таъкидлашича, у ва ҳамкасбларини назорат қилаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларга ишга бориш тугул, ўз маиший эҳтиёжлари учун ҳам уйдан ташқарига чиқишга рухсат бермаяпти.
XS
SM
MD
LG