Линклар

logo-print

"Озод деҳқонлар" "Пора" тажрибасини ўрганмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Душанба куни "Озод деҳқонлар" партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова зарғалдоқ инқилоб ватани ҳисобланмиш Украинага борди. Ташриф чоғида Ҳидоятова Украинадаги "Пора" ҳаракати вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказди.

Ҳидоятованинг айтишича, Киевга келишдан мақсад Андижондаги қонли воқеалар борасида матбуот анжумани ўтказиш ҳамда украин ёшларининг "Пора" деб номланувчи ташкилоти тажрибасини ўрганишдир. Айнан шу ташкилот Украинада Кучма ҳокимиятини ағдаришда муҳим рол ўйнаган эди.

Ҳидоятовага кўра, Ўзбекистонда ҳам ғишт қолибдан кўчган.

"Андижондаги воқеалардан келиб чиққан ҳолда ҳозирги тузумни ағдариш ҳаракатлари бошланганини бемалол айта оламиз. Лекин бу ҳаракатлар биз истамаган кўринишда бошланди. Тузум ағдарилиши шубҳасиз, аммо бу қай тарзда амалга ошиши бизни хавотирлантирмоқда. Шу боис Украинада зарғалдоқ инқилобни амалга оширганлардан бўлган "Пора" ҳаракати тажрибаси, улар қўллаган технологияни ўрганишимга тўғри келди".

Ҳидоятованинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам Украинадаги "Пора" ёки Грузиядаги "Отпор" ҳаракатларига ўхшаш гуруҳни ташкил этиш борасида ҳаракатлар бошланган ва янги ҳаракат "Шиддат" номини олган.

"Шиддат" нимани англатишини биласиз. Бу сўз бизни келажакдаги ҳаракатимизни ифодалайди. Ташкилот аллақачон тузилган. Лекин Ўзбекистондаги вазият Украинадагидан фарқ қилишини эътиборга олиб биз бошқача фаолият йўлини танладик".

Яъни Нигора Ҳидоятовага кўра, "Шиддат" ҳаракати яширинча фаолият кўрсатади. Хўш, Украинадаги "Пора" ҳаракати тажрибасини Ўзбекистон шароитида қандай қўллаш мумкин? Бу саволга "Озод деҳқонлар" партияси етакчисининг жавоби мана бундай бўлди.

"Шиддат" ҳаракатининг биринчи қадами ахборот тарқатиш. Бу ишни кўчаларда ахборотнома варақалар ёпиштириш орқали амалга оширамиз. Буни ёшлар яширинча амалга оширади ".

Хўш, Нигора Ҳидоятова айтаётган "Шиддат" ташкилоти қандай базага эга? Умуман қанча одам бу ҳаракатга аъзо? Биз Ҳидоятовага шу саволни ҳам бердик.

"Ҳозир фаол ёшларимиз сони тахминан 50 кишини ташкил этади. Улар, асосан, тошкентликлар. Шунингдек, Фарғона водийси, Самарқандда ҳам фаолларимиз анча. Шундай экан, ташкилотимиз ўзаги бор, у ёғига улар сонини кўпайтириб борамиз", - деди "Озод деҳқонлар" партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова.

Айни пайтда Украинадаги "Пора" ташкилоти бу ишларга кўмак берига тайёр. Ташкилот вакили Сергей Тараннинг айтишича, бу борада ўзбек мухолифатчилари билан мунтазам мулоқот ўрнатилган.

"Украиналик фаоллар ўзбек мухолифати вакиллари билан мунтазам алоқада. Нафақат Ўзбекистондаги, балки собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларидаги фаоллар билан ҳам иш олиб бормоқда. Менимча, ҳозир бир вақтлар Прага Шарқий Европа учун қандай шаҳар бўлган бўлса, собиқ совет республикалари учун Киев шундай шаҳар бўлишига имконият бор".

Сергей Тараннинг айтишича, "Пора" ҳаракати фаоллари ҳам, Халқаро демократия институти вакиллари ҳам тинч инқилобларни амалга ошириш борасидаги тажрибасини пост совет давлатларидаги мухолифат вакиллари билан ўртоқлашишга интилмоқда. Хўш, Украина тажрибаси ундан олисда жойлашган ва вазият жиҳатдан фарқ қилувчи Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда қандай самара бериши мумкин? Бу саволни "Пора" вакилига ҳам бердик.

"Бундай ҳаракатнинг Ўзбекистон учун самараси балки катта бўлиши мумкиндир, лекин сиёсий вазият у ерда анча мураккаб. Сабаби АҚШ ва Россия каби кучли ўйинчилар Ўзбекистонда авторитар тузум сақланиб қолишидан манфаатдор. Россия минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишга интилади, АҚШ эса Ислом ақидапарастлигидан қўрқади", - дея жавоб қилди Украинадаги "Пора" ҳаракати вакили Сергей Таран.
XS
SM
MD
LG