Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:16

Каримов тарафдорлари Жиззахда намойиш қилди


2 июнь куни Жиззах вилояти ҳокимлиги биноси олдида Ўзбекистон Президенти тарафдорларининг катта намойиши бўлиб ўтди. Расмий манбалар намойишда 20 мингдан ортиқ, норасмий манбалар эса 3 мингдан кўпроқ киши иштирок этганини билдирмоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот маркази раҳбари Неъмат Сайдалиевнинг сўзларига қараганда, бу акция “Ўзбек халқи ҳеч кимга, ҳеч қачон қарам бўлмайди” шиори остида ўтказилган. Намойиш “Адолат” социал демократик партияси ва “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлимлари ташаббуси билан ташкил этилган.

Намойишчилар сони ҳақидаги расмий ва норасмий рақамлар ўртасидаги фарқ жуда катталиги эътиборни тортади.

Жиззах шаҳридаги маҳалла раисларидан бирининг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, намойиш вилоят ҳокимлиги кўрсатмаси билан ўтказилган.

“Нафақа оладиган одамларни бормаса, нафақа олмаслигини айтиб, автобусда мажбуран олиб бордик. Бошда одам кўп эди. Бу ёқда гапираверишди, одамлар тарқалаверди”, - деди маҳалла раисаси.

Унинг билдиришича, намойишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари шаънида жуда ёмон гаплар айтилган. Улар Америкадан пул оладиган садақахўрларга чиқарилган. “Шайтонлар орамиздан йўқ бўлсин”, деган шиорлар кўтарилган. “Шайтон” деганда ҳуқуқ ҳимоячилари назарда тутилган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, ташкилотчиларда 2 июнь куни ҳуқуқ ҳимоячиларини намойишчилар олдига олиб чиқиб, сазойи қилдириш мақсади ҳам бўлган. Аммо сўнгги дақиқалардагина улар фикридан қайтган. Намойишда Зарбдор тумани ҳокими сўзга чиқиб, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг мазкур тумандаги бўлими раиси Мамаражаб Назаров вилоятдан қувиб юборилганини тантанали равишда эълон қилган.

“Бу ҳаракатлар 1937 йилни эслатяпти. Ўшанда ҳам ҳукумат ўзига ёқмаган одамларни йўқотишда халқни кўчага чиқариб, митинглар ўтказишдан фойдаланган эди”, - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG