Линклар

Навбат “оқ дўппилилар” кампаниясига етдими?


Андижон воқеаларидан кейин Наманган вилояти телевидениесида одамларни оқ дўппи киймасликка ташвиқот қилувчи кўрсатув эфирга узатилди. Унда бир қанча таниқли кишилар иштирок этди.

Наманганлик зиёли Ризо Обиднинг сўзларига қараганда, кўрсатувда Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев ҳам иштирок этиб, бу дўппи Арабистонда кийилиши, Ўзбекистондаги об-ҳаво шароитига уни кийиш шарт эмаслиги тўғрисида гапирган.

“Мухбир Чорсу бозорида оқ дўппи кийган йигитларни тўхтатиб, улардан нима учун бундай дўппи кийиб юрганини сўради. Улар ортидан эса шим кийган, боши яланғоч талаба қизларни кўрсатди. Гўёки кийиниш маданият шундай бўлиши керак, демоқчидек”, - деди Р.Обид.

Унинг фикрича, ҳукумат оқ дўппи кийган кишиларни ҳам террорчидек кўраётгани сабабли шундай ташвиқот қилиняпти. Энди “оқ дўппилар” кампанияси ҳам бошланадиганга ўхшайди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг таъкидлашича, вилоятда эркакларнинг оқ дўппи кийишига қарши ташвиқотдан ташқари ўқув юртларида қизларнинг рўмол ўрашига қарши кураш ҳам бошлаб юборилган. Масалан, Марғилондаги педагогика коллежи 1-курс талабаси Матлуба Маматовани рўмол ўрагани учун коллеж директори ва илмий бўлим мудири ўқув юртидан ҳайдаб чиқарган. Ҳозирги вақтда коллеждаги рўмол ўрайдиган ўндан ортиқ қизга шундай тазйиқлар ўтказилмоқда.

Андижонлик Алишер исмли диндор йигитнинг айтишича, ҳукумат диндорларга қарши кураш баробарида мусулмонларга зид турмуш тарзига кенг йўл очмоқда. Масалан, дискотекалардаги шовқин-сўронга эътибор бермай, масжидларда бор-йўғи бир неча минут давом этадиган азонни карнайлар орқали ўқишни одамларга халақит беради, деган баҳонада маън этди.
XS
SM
MD
LG