Линклар

Ўзбекистоннинг янги таклифи


Шайбон Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мамлакат махсус тузилмалари ўтказаётган тергов ишларини мониторинг қилиш учун Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклифи билан чиқди.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ўтказган махсус брифингда маълум қилинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу таклифини жаҳон ҳамжамиятининг Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича халқаро комиссия тузиш талабига жавоб, дейиш мумкин.

Э.Ғаниев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бу борадаги қатъий талабларига муносабат билдириб: “Ўзбекистон томони ЕХҲТни минтақада тинчлик қарор топишидан манфаатдор бўлган ягона ташкилот деб ҳисобламайди”, - деди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон таклиф этаётган ишчи гуруҳ таркибига мамлакатда аккредитация қилинган хорижий давлатлар, масалан, АҚШ, Германия, Франция, Россия, Хитой ва минтақага бевосита қўшни бўлган мамлакатлар элчихоналари вакиллари кириши мумкин. Улар Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ва кўрилаётган чораларни мониторинг қилиб боради.

Э.Ғаниевнинг таъкидлашича, ишчи гуруҳ аъзоларининг шу тартибда тузилишининг таклиф қилиниши, аввало, мониторингнинг холис бўлишини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Э.Ғаниев расмий Тошкент наздида Андижон воқеалари ҳақида холис ва ҳаққоний маълумотлар тарқатаётган мамлакатлар ва оммавий ахборот воситаларига миннатдорлик билдириб, россиялик ҳамкасби Сергей Лавровнинг Владивостокда берган баёнотига алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат берди.

“У бу воқеаларга исломий экстремистлар, Ўзбекистон исломий ҳаракати бўғинлари ва айрим чечен террорчиларининг бевосита алоқаси бўлгани ҳақида маълумотлар борлигини билдирди. Лавровнинг бу баёнотида келтирилган далиллар кўп нарсани англатади”, - деди Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

Э.Ғаниев Ўзбекистон томони Россия ташқи ишлар вазири айтган далилларга таяниши ёки тергов давомида бу маълумотлар инобатга олиниши тўғрисида ҳеч нарса демади.

Тошкентдаги элчихоналар Ўзбекистон томонининг ишчи гуруҳ тузиш таклифига ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG