Линклар

logo-print

Бош прокуратурада брифинг

  • Садриддин Ашур

27 май куни Ўзбекистон Бош прокуратурасида Андижон воқеаларига бағишланган брифинг ўтказилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, Андижондаги 13 майдаги воқеалар муносабати билан Жиноят кодексининг терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, оммавий тартибсизлик, гаровга олиш каби бир неча моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

“Тезкор тергов гуруҳи томонидан террорчилик ҳаракатлари ҳолатларини аниқлаш, жиноят иштирокчиларини топиш, улардан ноқонуний қўлга киритилган қурол ва ўқ-дорини тортиб олиш, ўлганлар шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда”, - деди С.Ортиқова.

Унинг айтишича, “террорчилик ҳаракатлари”га алоқадорликда гумон қилиниб ушланган 98 кишидан 52 нафари ҳибсга олинган. Бу ҳаракатлар вақтида ўлганларнинг умумий сони 173 тага етган.

С.Ортиқова 276 киши шифохоналарга жойлаштирилгани, оғир ярадор бўлган ҳуқуқ-тартибот ходимларидан уч нафари ўтган кунлар давомида шифохонада вафот этганини билдирди.

“Террорчилар томонидан қамоқхонадан ноқонуний равишда озод қилинган 527 шахснинг 470 нафари ихтиёрий равишда қайтиб келди. 15 киши эса мажбуран қайтарилди”, - деди С.Ортиқова.

С.Ортиқованинг таъкидлашича, “жиноятчилар томонидан гаровга олинган” шахслардан 14 нафари “террорчилар” томонидан ўлдирилган, 40 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари кучи билан озод этилган.

У қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетган тинч аҳоли вакилларидан шу кунгача 6 киши – 2 аёл ва 4 бола ватанига қайтарилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG