Линклар

logo-print

Питнакликлар ариқдан сув ичмоқда


Хоразм вилоятининг Амударё бўйида, Туямўйин сув омборининг шундоққина биқинида жойлашган Питнак шаҳри аҳолиси февраль ойидан буён ичимлик сув йўқлигидан азият чекмоқда.

Питнакликлар қувурлар орқали сув бериш тўхтатилгани сабабли неча ойдирки, ариқлардан сув ичмоқда. Ариқлар суви эса жуда ифлос.

“Ариқларга чиқиндилар ташланади. Биз эса шу сувни ичишга мажбур бўляпмиз. Касалликлар ҳам шундан келиб чиқяпти”, - дейди питнакликлар.

Питнаклик Болтабой Бобожоновнинг сўзларига қараганда, сув йўқлиги бу ердаги доимий муаммо. Айниқса, шаҳарчадаги кўп қаватли уйларда ягшовчилар сув муаммоси сабаб кўпроқ қийналади. Уйлар ва кўчалар эса антисанитария ҳолатида. Бу эса одамлар орасида турли касалликлар кўпайишига сабаб бўляпти.

Б.Бобожоновнинг айтишича, Питнакдаги кўплаб хонадонларга сув ўлчайдиган асбоблар ўрнатилмаган. Аммо аҳолидан берилмаган сув учун ҳам мажбурий равишда пул йиғиб олиш давом этмоқда. Халқ рози бўлмаса, нафақа ва пенсия пулларидан ушлаб қолинаётир.

Питнакликлар сув муаммоси бўйича жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилгани, лекин ҳеч қандай натижага эришмаганини билдирди.

Маълум бўлишича, “Хоразм электр тармоқлари” ташкилотидан қарз бўлиб қолгани учун Питнак “Сувоқова” корхонасига электр энергияси бериш тўхтатилган. Шу сабабли корхона ишламаётир.

Мутасаддилар Питнакдаги ичимлик сув муаммоси қачон ҳал этилиши ҳали номаълум эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG