Линклар

А.Аннаев: “Депутатлар ҳукуматни сувдан қуруқ олиб чиқади”


Тўлқин Ўзбекистон парламенти депутатлари ҳали Андижонда содир этилган воқеалар тафсилоти тўлиқ ўрганилмасдан, ҳали ўзлари ўтказмоқчи текширув бошланмасдан Андижон исёнида иштирок этганларни “террорчи”, “экстремист”, деб атамоқда.

Депутатлар ҳукумат билан бир тан, бир жон бўлиб, бу воқеалар халқаро комиссия томонидан ўрганилишига тиш-тирноғи билан қаршилигини билдиряпти.

Депутат Боймурод Юсупов эса Қонунчилик палатаси йиғилишида парламент аъзолари шу қадар салоҳиятга эгаки, ҳатто халқаро комиссиясини ўқитишга ҳам қодирлигини маълум қилди.

Нега Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти бир овоздан Андижон воқеаларини халқаро комиссия текширишига бу қадар қаршилик кўрсатмоқда?

Фан номзоди Анвар Тўрахўжаевнинг “Озодлик” мухбирига билан айтишича, ҳукумат Андижондаги қирғинбарот халқаро комиссия томонидан фош этилишидан чўчиб, унга рухсат бермаётир. Шу билан бирга, Ўзбекистон парламенти тузган комиссия ҳам ҳеч қачон холис текширув ўтказа олмайди. Комиссия аъзолари мавжуд тузум учун зарур бўлган ахборотни тақдим этади, холос.

Иқтисодчи Абдураҳмон Набиевнинг фикрича, халқаро комиссияга рухсат этилганида унинг аъзолари қирғин гувоҳлари, ўз яқинларидан жудо бўлган кишилар билан учрашиши, тўпланган маълумотларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этиши мумкин. Бу эса диктаторлик тузуми, унинг малайлари учун ўлим демакдир.

Ҳукумат ва парламентнинг бу қадар якдиллиги сабаблари ҳақида мулоҳаза билдирар экан мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Олий Мажлис қонуний, халқ сайлаган парламент эмаслигини таъкидлади.

“Парламент кимнингдек, бу ўринда Президентнинг кўрсатмаси бўйича ишламоқда. Сийқаси чиққан бўлса ҳам чўнтакдаги соққага ўхшайдиган ташкилот бу”, - деди А.Аннаев.

А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, парламент комиссияси иши ҳукумат белгилаб берган йўналишда экани шубҳа уйғотмайди. Бу комиссия зиммасига Андижонда бўлиб ўтган воқеаларни “террорчилар”га юклаш вазифаси қўйилган.

“Мен олдиндан айтишим мумкин, - деди А.Аннаев, - комиссия бутун айбни умуман мавжуд бўлмаган акрамия гуруҳига юклайди. Ҳукумат сувдан ҳар доимгидек қуруқ чиқади”.

А.Набиев эса диктатурага хизмат қилаётган депутатлардан бундан ортиқ нарсани кутиб бўлмаслигини айтди.

Унинг таъкидлашича, парламент халққа бегона экани Андижон воқеаларидан кейин яна бир бор намоён бўлди. Парламент комиссияси тузилиши эса Андижондаги қирғинни халқдан ва халқаро ҳамжамиятдан яширишдир.
XS
SM
MD
LG