Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Андижон воқеаларида айбланаётганларга ўлим жазоси хавфи мавжуд


Феруза “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган фуқаролар тақдиридан қаттиқ хавотир билдириб, жаҳон ҳамжамиятини бу воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга даъват этди.

Ташкилот раҳбари Тамара Чикунованинг сўзларига қараганда, Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланиб ушланган шахсларга ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган жуда оғир айблар қўйилган. Хусусан, Бош прокуратура бу воқеалар юзасидан ушланган 98 кишининг 52 тасига террорчилик, конституциявий тузумга тажовуз, қотиллик каби моддалар юкланган.

- Бу моддалар қўйилган шахсларга ўлим жазоси қўлланмаслиги айтилмагани бизни хавотирга солмоқда. Чунки Ўзбекистонда бу жазо бекор қилингани йўқ, - деди Т.Чикунова.

Унинг таъкидлашича, ҳозир ҳибсга олинган кишилар устидан тергов бормоқда. Аммо айбланаётганлар, уларнинг адвокатлари ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмаётир.

Ўзбекистон адвокатлари уюшмаси Тошкент шаҳри бўлими раҳбари Гулнора Эшонхонованинг билдиришича, Жиноят кодексида терроризм ҳамда 2 ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш моддалари бўйича ўлим жазоси мавжуд.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ушланган шахсларга нисбатан бундай оғир айбларни тақашда шубҳали даражада тезкор ишлаганига эътибор қаратди.

Унинг эътирофича, демократик давлатларда айб қўйиш жараёни узоқ давом этади. Чунки ҳар бир қўйилган айб асосли бўлиши керак. Ўзбекистонда эса тергов жараёнлари бошидаёқ кўплаб моддалар бўйича айб қўйиб бўлинди.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти айбланаётган шахслар устидан тергов жараёнларини кузатиб бормоқчи. Агар уларга нисбатан қийноқлар ёки бошқа қонунбузарликлар кузатилса, Т.Чикунованинг айтишича, бу ҳақда жаҳон жамоатчилигига маълум қилинади.
XS
SM
MD
LG