Линклар

“Иймонга йўл” қандай рисола? 2-қисм


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда “акрамийлик” диний оқими раҳнамоси сифатида тилга олинаётган Акрам Йўлдошевнинг “Иймонга йўл” рисоласи, унинг мазмун-моҳияти хусусида олим ва мутахассислар турли фикрлар билдирмоқда.

“Озодлик” мухбири шу масалада исломшунос Бахтиёр Бобожонов, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев, Кўкалдош мадрасаси имом хатиби Анвар қори ва бухоролик муслима Озода Рафиқова билан суҳбатда бўлди.

Т.Йўлдошев: Бу китоб эмас, 15-20 варақлик кичкина бир рисола. Кимки ислом таълимоти, тарбияси билан таниш бўлса, бу рисолада бирорта оригиналлик йўқ. Унинг муаллифи Собиқ Иттифоқ парчаланган кейин мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлганини сезган. Рисоланинг мантиқ, тарбия хусусида фикрларни изоҳлашда Қуръони каримга, ислом таълимотига мурожаат қилинган. Муаллиф диний йўлдан боришга ҳаракат қилган. Лекин, менимча, ундаги (рисоладаги) диний таълимот унчалик чуқур эмас. Ҳукумат сиёсатига ҳам аралашилмаган.

Б.Бобожонов: Бу рисоланинг оригиналлигига шубҳа қиламан. Чунки бунақа асарлар жуда кўп. Бу рисола профессионал даражада ёзилмаган. Қуръондан келтирилган суралар Крачковсий таржимасидан олингани шундоққина сезилиб турибди. Муаллифнинг диний маълумоти чуқур эмаслиги рисоладан ҳам билинади. Асардаги фикрларни дунёвий ғояларнинг диний туси ёки аксинча дейиш мумкин.

Диний масалаларни ҳал қилишни диндорларнинг ўзига қўйиб бериш керак. Давлатнинг бунга аралашиши шарт эмас эди. Уни сиёсий, юридик маҳкамаларга олиб чиқишнинг кераги йўқ эди. Чунки рисоланинг сиёсий нуқтаи назардан хавфли жойи йўқ. Агар унда конституцияга қарши жойлари бўлса, жарималар, огоҳлантиришлар билан чекланилса бўларди.

Анвар қори: Қуръони карим, ҳадислар бор, уламоларимизнинг машҳур китоблари бор. Динимизни мана шулар асосида ҳанаф мазҳабида кенг, яхшилик билан ўрганадиган йўлимиз турибди. “Иймонга йўл” китобига эҳтиёж йўқ. Уламолар томонидан эътироф этилмаган бундай кишиларнинг китоб ёзишга ҳақлари йўқ, деб ҳисоблаймиз. Булар фақат баҳона, холос. Бунинг тагида фитна, жанжал чиқаришга ўхшаган нарсалар турибди. Шунинг учун бундай нарсаларни барча уламолар рад қилади.

Мен шариат томондан айтаман. “Иймонга йўл” каби китобларни ўқиш шаръан тақиқланади. Катта уламолар билан маслаҳатлашиб, келишганмизки, мусулмонлар орасида ҳизблар тузиш, ўзича китоб ёзиб, уламоларга кўрсатмасдан тарқатишлик жоиз эмас. Бу катта гуноҳ ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG