Линклар

logo-print

Хориж телеканаллари ҳам цензура қилинади...ми?


Озодбек Андижон воқеалари пайтида ва ундан сўнг Ўзбекистонда Россиянинг бир неча етакчи телекомпаниялари янгиликлар дастурларининг узиб қўйилиши фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини бузувчи ягона ҳаракатлар эмаслиги ойдинлашмоқда.

Яқин кунларда ўзбекистонликлар ўзи истаган хорижий телеканалларни кўришдан ҳам маҳрум бўладиганга ўхшайди.

Маълум бўлишича, Тошкентдаги хусусий кабель телестудиялари 6 июнга қадар ягона кабель телетармоғига бирлаштирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри давлат алоқа инспекцияси мазкур студиялар раҳбарларига ёзма огоҳлантириш юборган.

Бу огоҳлантиришда телестудиялар ўзлари тақдим этадиган телеканаллар пакетини Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси ҳузуридаги “Ўзбекистон кабель тизимлари” масъулияти чекланган жамиятидан сотиб олиши айтилган. Бу жамият Ўзбекистонда хорижий телеканалларни ретрансляция қилиш шартномаларини тузиш ваколатига эга бўлган ягона ташкилот ҳисобланади.

Жамият раҳбари Илҳом Ҳамидов “Озодлик” мухбирига алоқа инспекцияси тарқатган ёзма огоҳлантириш мазмунидан бехабар эканини маълум қилди.

Унинг айтишича, илгари хорижий каналларни олиб кўрсатиш ҳуқуқи баъзи бизнес тузилмалар қўлида бўлган ва улар баланд нархларда хизмат кўрсатган.

”Шу сабабли кабель телевидениелари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, ЭОАВМУга тез-тез мурожаат эта бошлади. Уюшма эса оммабоп каналлар ретрансляцияси ҳуқуқини олиш учун уларнинг раҳбарларига мурожаат қилди. Бизнинг жамият шу пайтгача Россиянинг бир қанча телеканаллари билан шартномалар имзолади”, - деди И.Ҳамидов.

Жамият “1-канал – Жаҳон тармоғи”, “НТВ-Жаҳон”, “Россия”, “Культура”, “Евроньюс”, “ДТВ-Виасат”, “Рамблер” билан шартномалар тузган. Ҳозир яна бир неча телеканаллар билан музокаралар олиб бориляпти.

И.Ҳамидовнинг таъкидлашича, хусусий кабель телестудиялари жамият билан шартнома тузгандан сўнг “Ўзбекистон кабель тизимлари” тақдим этган телепакетни сотиб олади. Кабель студияларига ягона сигнални етказиб бериш бўйича техник лойиҳа маъқулланган.

И.Ҳамидов бу ҳолат хориж телеканалларини цензура қилишга олиб келмаслигини билдирди.

”Бироқ, - деди у, - хориж телеканаллари билан тузилган шартномаларда Ўзбекистон Конституцияси ва ОАВ тўғрисидаги қонунларига тўғри келмайдиган дастурларни эфирдан олиб ташлаш ҳуқуқимиз борлиги белгиланган”.

Мустақил кузатувчилар эса бу ҳолат хорижий телеканалларнинг цензура қилинишига, ҳукумат фақат ўз манфаатларига мос келадиган дастурларни олиб кўрсатишга рухсат беришига шубҳа қилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG