Линклар

“Озодлик” радиоси Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда сиëсий бошқарув ўзгариши зарур, деган фикрлар кўпайди. Интернетда Каримовдан кейин президент бўлиши тахмин этилаётган уч шахс ҳақида мақола эълон қилинди.

Муаллифи Мартин Богун бўлган ушбу мақолада бу уч шахс Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов¸ Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва нефт сотувчи корчалон Санжар Умаров экани таъкидланади.

Мақолада тилга олинган уч шахсдан иккитаси кўпчиликка таниш, аммо “корчалон” Санжар Умаров ким?

“Озодлик” мухбири С.Умаров билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Бошловчи: Жамиятни ҳар ким хар ҳил талқин қилади, аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир, деган эди коммунистик таълимот асосчиси Карл Маркс.
Каримов тузуми танқидлар остида қолаëтган бир пайтда тадбиркор Санжар Умаров Ўзбекистон ҳукумати тарқатилиши керак, деган таклиф билан чиқди.

Хўш, Санжар Умаров ким ва у бу баëнотни қайси сиëсий гуруҳ номидан айтаяпти. Бу саволга жавоб қисқа бўлди.

С.Умаров: Мен “Серқуёш Ўзбекистон” номли янги коалицияга раҳбар этиб сайланганман.

Бошловчи: Санжар Умаров ўз сиëсий гуруҳининг чет эл томонидан қўллаб-қувватланишини яширмайди.

С.Умаров: Чет элдаги жуда кўп ташкилотлар ҳозир бизга ишонмоқда. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа банклари шулар жумласидандир.

Бошловчи: Ўзингизни Ўзбекистонннинг навбатдаги президенти, деб ҳисоблайсизми, деган саволга жавоб бериб, Умаров бу келажакнинг иши эканини айтди.

С.Умаров: Кейинги сайлов 2007 йилда бўлиши керак. Агар шу вақтгача халқнинг ишончига эришсак, кейин ўйлаб кўриш мумкин. Ҳозирдан мен президент бўламан, деб айтиш нотўғри бўлади.

Бошловчи: Санжар Умаров Ўзбекистондаги сиëсий вазиятни ўзгартириш учун ҳукумат тарқатилиши керак, деб ҳисобламоқда.

С.Умаров: Президентимиз аввалги вазирларни янгисига алмаштириб, Вазирлар Маҳкамасига кенг ваколатлар берилса, менимча, қисқа муддатда яхши натижаларга эришиш мумкин. Аниқроқ айтадиган бўлсам, Вазирлар Маҳкамасига янги ва прогрессив кишиларни келтириш керак. Баъзиларни алмаштириш керак.

Бошловчи: Айнан қайси мулозимлар ишдан кетиши керак, деган саволга Умаров ўз ишини уддалай олмаганлар, деб жавоб берди. Хўш, бу мулозимларнинг ишдан кетишига ишонасизми?

С.Умаров: Ҳаммаси президентга боғлиқ.

Бошловчи: Каримов тузуми ислоҳотлар бошлашига ишонасизми?

С.Умаров: Менимча, қийин. Чунки агар имконият бўлган бўлса, аллақачон шундай бўларди. Ҳозиргача ҳеч қандай ривожланиш бўлмаётир.

Бошловчи: С.Умаров ўзи раҳбарлик қилаётган “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг уч қисмдан иборат иқтисодий дастури борлигини айтди.

С.Умаров: Биринчиси, қишлоқ хўжалик, иккинчиси, саноат ва савдо, учинчиси, макроиқтисодиёт. Қишлоқ хўжалигида бир тўртта асосий тадбирларни кўзлаяпмиз. Биринчиси, ер масаласини аниқ, равшан қилиш керак. Ер, албатта, деҳқонларга берилиши керак. Ҳокимларнинг ерни қайтариб олиш ҳуқуқи бўлмаслиги лозим. Иккинчиси, пахтачилик. Ўзбекистоннинг асосий даромади шундан. Пахтачиликдаги монополизмни йўқотиш керак. Учинчиси, солиқларни камайтириш.

Бошловчи: С.Умаровнинг фикрича, бу ишларни бажариш учун мухолифат ва ҳукумат партиялари етакчилари бир тўхтамга келиши керак.

С.Умаров: Мухолифатдаги ва Олий Мажлисдаги барча партияларга таклиф бермоқчимиз. Яъни дастурларни ўрганиб чиқиб, уларни биргаликда амалга оширайлик, деган мазмунда. Масалан, мухолифатдаги тўртта партия ва бешта расмий партиямиз бор. Ҳаммасиз битта стол атрофида ўтирайликда, қандайдир фикр алмашайлик ва битта натижага келайлик. Рим кардиналлари Папани сайламагунча, хонани тарк этмагани каби биз ҳам бир ечимга келмагунча, мунозарани тўхтатмаслигимиз керак. Қанча вақт кетса ҳам битта хулосага келайликда, кейин чиқиб халққа бу хулосамизни айтайлик.

Бошловчи: Нефть савдоси билан шуғулланаëтган 49 ёшли бадавлат физик олимни сиëсат саҳнасига олиб чиққан омил нима?

С.Умаров: Андижонда жуда хунук воқеалар бўлди. Қон тўкилди. Ўзбекистон учун бу қон етарли. Бошқа қон тўкилмаслиги учун биз шунақанги ташаббуслар билан чиқмоқчимиз.
XS
SM
MD
LG