Линклар

АҚШ дипломатлари Ўзбекистонни тарк этмоқда


Шайбон АҚШ давлат департаменти мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси ходимларидан бир қисми ва дипломатларнинг оила аъзоларига Ўзбекистонни тарк этиш тўғрисида кўрсатма берди.

Бу маълумотларни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари ҳам тасдиқлади. Уларнинг аниқлик киритишича, элчихонанинг муҳим ишлар билан банд бўлмаган ходимларигина Тошкентни тарк этади.

Элчихона Тошкентни тарк этиши зарур бўлган ходимлар сони ҳақида маълумот тарқатмаётир. Аммо, маълум бўлишича, қолиши лозим бўлган ходимларга ҳам Ўзбекистонни тарк этишда танлаш ихтиёри берилади.

Элчихона ходимларини Тошкентдан олиб кетиш ҳаракатлари 3 июндан бошланиши айтилмоқда.

Давлат департаменти кўрсатмасида Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатлари эҳтимоли ҳақида гап боради. Аммо элчихона вакиллари Ўзбекистонда вазият қалтислашиши, террорчилик ҳаракати хавфи тўғрисида маълумотга эга эмаслиги билдирди. Шу билан бирга, улар Андижон воқеаларидан сўнг давлат департаментида айрим хавотирлар пайдо бўлганини қўшимча қилди.

Исроил ва Европанинг Германия, Франция каби айрим давлатлари ҳам Тошкентдаги элчихоналари ходимларини мамлакатдан олиб чиқишни бошлагани тўғрисида маълумотлар бор. Аммо мазкур элчихоналар вакиллари бу маълумотларга аниқлик киритишни истамади.

Шунга қарамай, ҳозир Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида қалтислик юзага келган, дейиш мушкул. Хусусан, Тошкентда вазият сокин. Ҳаёт одатдагидек давом этмоқда.

Фақат Фарғона водийсида қалтисроқ вазият кузатилмоқда. Чунки бу ерда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифат вакиллари, Андижон воқеаларига бевосита ёки билвосита гувоҳ бўлган оддий фуқароларни оммавий қамаш давом этаётгани тўғрисида хабарлар бор.

Шунинг учун нафақат кузатувчилар, балки баъзи дипломатлар ҳам Ўзбекистонда нима бўлса, биринчи навбатда, Фарғона бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти.
XS
SM
MD
LG