Линклар

“Давлат ёшларни ўзига куч орқали йўл топишга мажбур этиши мумкин”


Озодбек Ўзбек ёшларнинг сиёсатга муносабати ва бу саҳнада уларнинг имконияти тўғрисидаги саволларга ёш сиёсатчи Камолиддин Раббимов ва таржимон Ҳаёт Тўйчиев жавоб беради.

Бошловчи: Бугунги ўзбек ёшлари мустақил сиёсий партиялар тузиш ва турли сиёсий ҳаракатлар ташкил этишга қодирми?

К.Раббимов: Ўзбекистон ёшлари жуда мураккаб – ўтиш даврида яшаяпти. Ҳокимият авторитар, яъни бутунлай монополиялаштирилган бир шароитда Ўзбекистон ёшлари имкониятларини ишга солиб, ўз йўлини топишга ҳаракат қиляпти. Бироқ мамлакатда шаклланган сиёсий вазият шуни тақозо қиладики, ёшлар ўзларининг ижтимоий энергиясини, куч-ғайратини айнан сиёсий соҳага йўналтиришга қўрқади. Чунки уларда ҳукумат сиёсатига қарши чиқилса ёки унга муқобил сиёсатга интилинадиган бўлса, ҳукумат тузилмаларидан қандайдир зарба олиш мумкин, деган тасаввур жудаям кучли.

Ҳ.Тўйчиев: Қонуний тарафдан ёшларнинг турли ҳаракатларига шарт-шароитлар бор. Аммо ёшларнинг сиёсий ташкилотини тузиш амалда жуда қийин.

Ўзбекистонда аҳолининг 65 фоизини 25 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ҳукумат уларни назорат қилиб туришга интилиши табиий. Шундан келиб чиқилса, ёшларнинг сиёсий ташкилотлар тузиш имконияти жуда кам.

Бошловчи: Бу ҳаракатларда иқтисодий омилнинг аҳамияти қандай?

К.Раббимов: Бунақанги ташкилотлар тузилишини фақат иқтисодга боғлаб бўлмайди. Чунки уларни тузиш учун жуда катта маблағ керак эмас. Биринчи ўринда сиёсий хоҳиш, шунга яраша малака ва давлат томонидан ҳеч бўлмаганда, ўртача, яъни ўта салбий ва ўта хавфли бўлмаган шароит яратилиши керак.

Ўзбекистонда эркин демократик давлат қуриш учун мана шундай ёшлар ҳаракатлари бўладиган бўлса, либерал демократик давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишга эришиш мумкин. Албатта, бу соҳада муаммо бор. Ёшларнинг ташкилот тузишга етарли маблағлари йўқ. Лекин ёшларни тўхтатиб турган тўсиқ иқтисодий эмас, биринчи навбатда сиёсийдир.

Ҳ.Тўйчиев: Иқтисодий тарафдан ҳам буни амалга ошириш жуда қийин. Чунки давлат четдан келадиган ҳар қандай маблағни мамлакатга киритмасликка ҳаракат қилади. Ички имкониятлар эса кам.

“Камолот” сингари ташкилотлар давлат томонидан молиялаштирилади. Уларнинг фаолияти жуда қаттиқ назорат остида. Шунинг учун улар давлатга маъқул нарсаларни кўтариб чиқади.

Бошловчи: Ўзбек ёшлари қонундан чиқмаган ҳолда мустақил сиёсий ташкилот тузишга бел боғлагудай бўлса, бунга амалдаги ҳукумат йўл бериши мумкинми? Умуман ҳукумат бунга қандай муносабат билдириши мумкин?

Ҳ.Тўйчиев: Ҳукуматнинг муносабати жуда салбий бўлади. Ёшлар демократик куч билан жамиятни ўзгармоқчи бўлган тақдирда улар жуда қаттиқ тўсқинликка учрайди. Ёшлар на дин тараф бўла олмайди, на демократик принципларга асосланиб, тузумни ўзгартиришга урина олади. Лекин давлат уларни шундай вазиятга солиб қўйиши мумкинки, вақти келиб ёшлар куч орқали ўзларига йўл қидиришлари мумкин.

К.Раббимов: Бу ҳукумат ҳеч қандай муқобил бўлган дунёқараш тизимига эргашувчи сиёсий кучларни, жумладан, ёшлар ҳаракатларини ҳам кўриш ниятида эмас. Агар улар Адлия вазирлигига ҳужжат топширадиган бўлса, ўзлари учун бемалол муаммо кутаверсин.
XS
SM
MD
LG