Линклар

Мустақил журналист ҳибсга олинди


Шайбон 4 июнь куни қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Т.Қораев Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) ҳамда Эроннинг Машҳад радиоси билан ҳамкорлик қилади.

Журналистнинг укаси “Озодлик” радиосига Т.Қораев кичик безориликда айбланаётганини билдирди.

“Акамга аёл киши орқали туҳмат уюштириляпти. Бу фитна экани кўриниб турибди”, - деди журналистнинг укаси.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, Интернетда Сафар Абдуллаев имзоси билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг қатағонлар режаси тўғрисида эълон қилинган мақолаларда келтирилган “қора рўйхат”да Т.Қораевнинг ҳам номи бор эди.

С.Абдуллаев мақоласида Т.Қораев айнан кичик безорилик каби арзимаган айблар асосида ҳибсга олиниши ва кейинчалик кескин жазоланиши айтилганди.

Шу сабабли журналистнинг яқинлари ва ҳамкасблари Т.Қораев жиддий хавф остида қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Андижон воқеаларидан кейин хорижий оммавий ахборот воситалари ва уларда ишлайдиган журналистларга қарши кампания бошланганга ўхшайди. Маҳаллий матбуотда уларни Ўзбекистон тўғрисида нотўғри, туҳмат маълумотлар тарқатишда айблайдиган муносабатлар мунтазам бериб бориляпти.
XS
SM
MD
LG