Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Журналист муқаддам судланган аёл иштирокидаги фитна қурбони бўлди


Фирдавс 4 июнь куни ҳибсга олинган қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев кичик безориликда айбланиб, 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Маълум бўлишича, Т.Қораевнинг жазоланишига Юлдуз Шерова исмли аёлнинг журналист ўзини ҳақорат қилгани тўғрисида берган шикоят аризаси сабаб бўлган.

Ўша куни Т.Қораевнинг ёнида юргани учун бўлиб ўтган воқеаларга шахсан гувоҳ бўлган Ғайбулла Жалиловнинг сўзларига қараганда, журналист бозордан ўтиб, маршрут таксига минмоқчи бўлганида номаълум аёл уни тўсатдан қаттиқ ҳақоратлаб, ҳатто юзларига ура бошлаган.

Воқеа айнан шундай тарзда юз берганини унга шоҳид бўлган бошқа кишилар ҳам тасдиқлади.

Қарши шаҳри жиноят ишлари суди Абдуҳофиз Бойбулов Т.Қораевга 10 кунлик, Ю.Шеровага эса уч кунлик маъмурий қамоқ жазоси белгилади.

Журналистнинг адвокати Бахтиёр Шоҳназаровнинг билдиришича, қонун бўйича бу каби ишлар бир кун ичида кўрилиши керак. Аммо Қарши суди бу ишни 2 соатда ҳал қилиб қўя қолган.

“Иш анча юзаки, бир томонлама кўрилган. Мен адвокатлик текшируви ўтказиб, далиллар тўпладим. Бу далиллар Т.Қораевга нисбатан фитна уюштирилгани тўғрисида хулоса чиқариш учун тўла асос бўла олади”, - деди Б.Шоҳназаров.

Адвокатнинг таъкидлашича, Ю.Шерова Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик моддасини сақлаш ёки тарқатиш) бўйича муқаддам судлангани аниқланган. Аёл 2 йил аввал амнистия туфайли озодликка чиққан. Бироқ Т.Қораев иши бўйича маъмурий иш кўрилаётганда бу аёл судланмаган, деб кўрсатилган.

Б.Шоҳназаровнинг айтишича, журналист устидан ўтказилган суд жараёнига гувоҳлар таклиф этилмаган. Ҳатто суд баённомаси ҳали ҳам тайёр эмас. Қолаверса, Ю.Шерова уйидан чиқиб кета туриб, уч кундан сўнг қайтиб келишини билдирган. Бу ҳолатлар Т.Қораевни ҳисбга олиш аввалдан режалаштирилганидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG