Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

“Freedom house” эшиклари ёпилди


Тўлқин “Freedom house” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун вақтинча ёпиб қўйилди. Бу эса уларни анча ташвишлантиряпти.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовнинг сўзларига қараганда, ваколатхона 7 июндан 20 июнга қадар ишламаслиги маълум қилинган.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қатағон қилиш давом этаётган бир пайтда биз фақат ваколатхонада ўзимизни нисбатан эркинроқ ҳис этар эдик. Ҳозирги оғир вазиятда унинг ёпилиши ҳуқуқ ҳимоячиларига қўшимча зарба бўлди”, - деди А.Бойматов.

А.Бойматовнинг эътирофича, ваколатхонанинг вақтинча ёпилиши баъзи шубҳаларни туғдиради. Хусусан, сўнгги бир йил ичида Сорос жамғармаси, “Интерньюс”, “Ҳьюман райтс уотч”, Халқаро республика интитути каби ташкилотлар ҳам вақтинчалик ёпилган эди ва шу пайтгача фаолиятини тиклашга рухсат этилгани йўқ.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Анатолий Вараксин “Freedom house” қандайдир ўқув машғулотлари ўтказилиши сабабли бир ҳафта бурун ҳам ёпиқ бўлганини билдирди.

“Freedom house” ваколатхонаси раҳбари Бранко Шесто хоним “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ваколатхона ишлаётгани, фақат ресурс марказининг фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.

Унинг айтишича, бундай бўлишига Андижон воқеалари ёки ҳукуматнинг алоқаси йўқ. Ташкилотга ҳукумат томонидан тазйиқ бўлмаяпти.

“Мавжуд ресурсларимиздан, компьютерлардан, адабиётлардан фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш учун жиҳозларни янгилаш, қолаверса, хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида бошқаларга ваколатхонани вақтинча ёпдик”, - деди Б.Шесто.

Б.Шесто ваколатхона 20 июндан бошлаб фаолиятини одатдаги тартибда давом эттиришини билдирди.
XS
SM
MD
LG