Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:16

Байрамга аталмаган “хина”


Феруза Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази мамлакатда журналистика соҳасида миллий мукофот таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилотчилар бу мукофотни 3 май – Жаҳон матбуот ва сўз эркинлиги кунида эгаларига топшириш маъқул бўлишини таъкидлади.

Бу йил Ўзбекистонда мазкур халқаро байрам ўта тор доирада нишонлангани, у кўпчилик учун сезиларсиз ўтиб кетгани ҳисобга олинса, мамлакат журналистлари раҳбарининг 7 июнь кунги матбуот анжуманида олға сурган янги ташаббуси анча-мунча таажжубларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раҳбари Шерзод Ғуломов бу йил мамлакатда Жаҳон сўз ва матбуот эркинлиги куни кенг нишонланганини таъкидлаб, янги мукофот бу байрамнинг аҳамиятини янада чуқур ҳис этишга ёрдам беришини қўшимча қилди.

Мукофот тўрт асосий номинация, яъни телевидение, радио, матбуот ва Интернет журналистикаси йўналишлари бўйича берилиши таклиф этилди. Бундан ташқари, журналистикага қўшган ҳиссаси учун, энг яхши журналистик суриштирув учун, фаол фуқаролик позицияси учун, алоҳида ҳолатлардаги энг яхши репортаж (фавқулодда вазиятлар, атроф-муҳит ва экология муаммолари), энг яхши ижтимоий-сиёсий, энг яхши ижтимоий-иқтисодий , энг яхши таҳлилий мақолалар учун, хорижий журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши мақоласи учун каби номинациялар бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар бериш кўзда тутиляпти.

Мазкур таклифни қўллайдиган ташкилотлар ва шахслар ҳам дарҳол топила қолди. Жумладан, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон телерадикомпанияси раиси ўринбосари Фарҳод Рўзиев, Ўзбекистон фуқаролик жамиятини тадқиқ этиш институти раҳбари Аъзам Раҳмонов ва бошқалар бу ташаббуснинг ўта долзарб эканини таъкидлаб, хайрихоҳлик изҳор этди.

Матбуот анжуманида миллий мукофотга ном қўйиш масаласи қисқагина муҳокама қилинди. Журналистлардан бири уни “Олтин қалам” деб аташ таклифини киритди.

Яна бир журналистнинг мукофотни “Эркин қалам” деб номлаш таклифи кўпчилик маҳаллий ҳамкасбларининг эътирозига сабаб бўлди. Улар Ўзбекистонда шундай ҳам матбуот ва сўз эркинлиги мавжуд бир пайтда мукофотни бундай номлашни мантиқсиз, деб ҳисоблади.

Янги мукофотнинг ташаббускорлари ва матбуот анжуманида иштирок этган кўпчилик маҳаллий журналистлар “Озодлик” радиосига мазкур таклиф юзасидан ўз муносабатини билдиришни истамади.

Фақат Ўзбекистон парламенти депутати, мукофотнинг таъсис қўмитаси аъзоси Исмоил Саидназаровгина интервьюга рози бўлди.

Унинг сўзларига қараганда, мукофот Ўзбекистон учун долзарб бўлган мавзуларни ёритган журналистларга тақдим этилади. Мукофотга тақдим этиладиган материаллардаги эркинлик ва холислик асосий мезон бўлади.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, журналистларнинг халқаро байрамига атаб миллий мукофот таъсис этишдан Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан узилиб қолмагани, аксинча алоқалар мустаҳкам эканини кўрсатиш кўзда тутилган.

“Ҳозир журналистларнинг мукофот учун белгиланган мезонларга жавоб берадиган материал тайёрлаш имконияти йўқ”, - деди Ш.Убайдуллаев.
XS
SM
MD
LG