Линклар

Жаҳон банки делегациясининг Тошкентга ташрифи қолдирилди


Тўлқин Жаҳон банки делегациясининг Ўзбекистонга аввалдан режалаштирилган ташрифи қолдирилди. Шу билан бирга, банк ўзининг Ўзбекистондаги миссиясини чақириб олгани ҳақида ҳам хабарлар тарқаляпти.

Мазкур молия муассасасининг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиласи Елена Цой “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу хабарларни рад этди.

“Жаҳон банки Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Фақат шу ҳафтада келиши режалаштирилган делегациясининг ташрифи кечиктирилди, холос”, - деди Е.Цой.

Унинг таъкидлашича, ташриф хавфсизлик нуқтаи назаридан қолдирилган. Қолаверса, бу ҳолат банкнинг Ўзбекистонга муносабати ўзгарганини ҳам англатмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Жаҳон банкининг хавфсизлик масаласидаги хавотири мутлақо асосга эга эмаслигини билдирди.

“Чунки Ўзбекистонда улар учун ҳеч қандай хавф йўқ. Бизнингча, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида кўрилган хавфсизлик чоралари банкнинг шундай қарорга келишига сабаб бўлган бўлиши мумкин”, - деди вазирлик вакили.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимовнинг фикрича, Жаҳон банкининг молиявий ёрдамлари Ўзбекистон учун анча муҳим. Шунинг учун банкнинг мамлакатда ўз фаолиятини тўхтатиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG