Линклар

“Тинчлик корпуси” ҳам Ўзбекистонни тарк этди


Феруза АҚШнинг “Тинчлик корпуси” ташкилоти Ўзбекитондаги фаолиятини тўхтатди. Ташкилот директори Гадди Васкез бунга “Тинчлик корпуси”нинг 52 кўнгиллиси ва ваколатхона раҳбарининг тугаган визалари муддати қайта узайтирилмагани сабаб бўлганини айтди.

Г.Васкез Ўзбекистонда ташкилот кўнгиллилари ишлаши учун зарур ҳужжатларни олиб бўлмаганини таъкидлаб, бу ҳолатдан афсусланиш билдирди.

Ҳозир “Тинчлик корпуси”нинг барча кўнгиллари Ўзбекистонни тарк этиб, АҚШга қайтмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили “Тинчлик корпуси” мамлакатни тарк этаётганидан бехабарлигини маълум қилди.

Унинг айтишича, бу ташкилот ҳукумат билан келишувга мувофиқ фаолият юритган ва шунинг учун “Тинчлик корпуси”нинг мамлакатни тарк этишга сабаб сифатида келтирган маълумотлари асоссиздир.

“Тинчлик корпуси” кўнгилларининг энг сўнгги гуруҳи Ўзбекистонда жорий йилнинг апрель ойидан иш бошлаганди.

Ёш сиёсатчи Бобур Жамоловнинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар, хусусан, “Тинчлик корпуси”нинг мамлакатда фаолият кўрсатаётгани расмий Тошкент демократик қадриятларни тан олиши ва унга мойил эканини англатарди.

“Тинчлик корпуси”нинг Ўзбекистондан чиқиб кетишидан мантиқ шуки, мамлакатда ижтимоий ва сиёсий тинчликни таъминловчи фундаментал шартлар бузилган. Қолаверса, у Ўзбекистонни тарк этаётган биринчи ва охирги ташкилот эмас”, - деди Б.Жамолов.

Сиёсатчининг фирича, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати мамлакатда Ғарб давлатлари ташкилотларининг фаолиятини чеклашга қаратилмоқда.

“Тинчлик корпуси” Ўзбекистонда 1992 йилдан буён фаолият юргизиб келаётган эди. Шу вақт оралиғида ташкилотнинг 700 дан ортиқ кўнгиллиси кичик тадбиркорлик, таълим каби тизимлар ходимларига инглиз тилидан сабоқ бериш, қишлоқ жойларда болалар ва оналар саломатлигини яхшилаш, ОИТС ва ОИТВ муаммоси бўйича тарғибот, даволаш-профилактика ишларини амалга ошириб келаётганди.
XS
SM
MD
LG