Линклар

Баёнотнинг навбатдаги қурбони


7 июнь куни тунда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг Қўқондаги уйида тинтув ўтказди.

Партиянинг Фарғона вилояти бўлими раиси Адҳам Муҳиддинов сўзларига қараганда, тинтувни Андижон вилояти Марҳамат тумани ички ишлар бўлимлари ходимлари амалга оширган. Улар “Бирлик”нинг Андижон воқеалари бўйича чиқарган баёноти халққа тарқатилиши масаласини ўрганаётганини айтган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, партиянинг мазкур баёноти тарқалиши сабабли “Бирлик”нинг андижонлик фаолларидан бир нечаси, жумладан, Акбаржон Орипов ва Мусажон Бобожонов ҳибсга олинган.

Бу баёнотда исёнчиларнинг қўлига қурол олгани қораланади. Шу билан бирга, оддий халққа қарата ўт очишга буйруқ берганлар жавобгарликка тортилиши талаб қилинади.

Ҳ.Сулаймоновнинг уйида тинтув ўтказилганда унинг компьютери текшириш учун олиб кетилди. Агар компьютерда партиянинг баёноти сақланган бўлса, Ҳ.Сулаймоновнинг ҳибсга олиниши хавфи бор.

Маълумотларга кўра, партиянинг аввалроқ ҳибсга олинган аъзоларининг яқинлари билан учрашувига ҳали ҳам рухсат этилгани йўқ. Шунингдек, улар адвокат олиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум.
XS
SM
MD
LG