Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:33

Тазйиқ ўтказишдаги ноу-хоу


Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тазйиқ ўтказишнинг янги йўли ихтиро қилинган кўринади. Эндиликда ҳуқуқ ҳимоячиларининг уйларига хотинлари номига ёзилган аноним хатлар ташлаб кетилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг уйига унинг хотини номига ёзилган айнан шундай хат ташлаб кетилди.

Бу хатда қуйидаги сўзлар бор:

“Ҳурматли Муяссар опа. Сиз табиатан хушмуомала, қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиб келаётган аёлсиз. Менинг сизга ҳурматим жуда ҳам яхши. Лекин турмуш ўртоғингиз Бахтиёр аканинг айрим кимсаларни ҳукумат сиёсатига қарши турли хил намойишларга ундаб, иғволар тарқатиб, тарғибот-ташвиқот ишлари билан шуғулланиб келаётганини қўни-қўшнилар ва атрофдагилар доимий равишда қоралаб келмоқда.

Эрингизни орқаваротдан ҳамма “ғаламис” деб атайди. Демоқчиманки, ҳали ҳам кеч эмас, турмуш ўртоғингизни бу йўлдан қайтариб, элга қўшилинг. Менинг бу гапларимдан, ўйлайманки, тўғри хулоса чиқарасиз”.


Б.Ҳамроевнинг айтишича, бу хат хотинига бироз таъсир қилган. Лекин бу каби ҳаракатлар ким тоомнидан қилинаётганини у яхши тушунади.

Жиззах туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимов ҳам хотини номига шундай хат олинганини билдирди.

Хатда М.Азимовнинг халқ ичида обрўси тушиб бораётгани, шунинг учун уни бу йўлдан қайтариш зарурлиги тўғрисида “маслаҳатлар” берилади. Шунингдек, М.Азимов ўз ташкилоти котибаси билан “ошиқ-машуқ” экани ҳам аноним хатда таъкидлаб ўтилади.

Мустақил инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Ўктам Пардаевнинг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот вакиллари унинг қўшниларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Улар ҳуқуқ ҳимоячиси тўғрисида сўраб-суриштирган. Ҳатто қўшниларининг ишхоналарига бориб ҳам шу каби ҳаракатларини давом эттирган.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, 7 июнь куни иштихонлик юздан ортиқ фуқаро маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Норбой Холжигитовнинг топиб берилишини талаб қилиб, Самарқанд вилояти ҳокимлигига борган.

Уларни ҳоким ўринбосари қабул қилган. Улардан шикоят аризаси олиб қолиниб, ўзлари ортга қайтариб юборилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Наргиза Ёқубова берган маълумотларга кўра, шикоят билан ҳокимликда бўлган бу фуқароларга тазйиқ ўтказиш бошланган.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Н.Холжигитов бундан уч кун муқаддам бедарак кетган эди. Яқинлари у Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ушлаб кетилганини гумон қилганидан сўнг 6 июнь куни Н.Холжигитовнинг ҳамқишлоқлари туман ҳокимлигига бориб ўз норозилигини билдирганди.
XS
SM
MD
LG