Линклар

logo-print

Халқни эргаштирадиган шахслар назоратда


Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев вилоятда халқни орқасидан эргаштириши мумкин бўлган обрўли шахслар қаттиқ назоратга олинаётганини таъкидламоқда.

Унинг айтишича, 8 июнь куни соат 23 ларда Фарғонада анча обрўли кекса тадбиркор Обид ҳожи Ғойибов шериклари билан бир хонадондан чиқиб келаётганда уларни ортидан кузатиб юрган шахслар тўхтатган. Ўзларини вилоят ички ишлар бошқармасидан деб таништирган бу шахслар ҳожи ва шерикларини ҳеч қандай сабабсиз ИИБга олиб бормоқчи бўлган.

“Шу кунларда бу каби воқеалар тез-тез учраб турибди. Халқ йиғиладиган жойда дарров ички ишлар ходимлари пайдо бўляпти. Бундан ташқари, катта обрўга эга кишилар ҳам назорат қилиняпти”, - деди А.Эргашев.

А.Эргашевнинг билдиришича, назоратга олинганларнинг кўпчилиги обрўли бўлиш билан бирга ўзига яраша бой-бадавлат ҳамдир. Улар халқнинг ҳозирги аҳволи ҳақида очиқ-ойдин гапирадиган кишилар ҳисобланади.

“Озодлик” мухбир бирмунча вақт илгари шундай инсонлардан бири бўлмиш Обид ҳожи Ғойибов билан суҳбатлашганди.

Ўзига тўқ бўлишига қарамай, нега халқ учун куйинаётгани тўғрисида сўралганида ҳожи: “Элимизнинг бугунги аҳволини кўриб жим туришга виждоним йўл қўймаяпти. Одамларимиз гадойлик, аёлларимиз мардикорлик қилиб, хор бўляпти. Уруш вақтида ҳам бу аҳволга тушмаганмиз”, - деб жавоб берганди.
XS
SM
MD
LG