Линклар

Ёшлар фестивалими ёки...


Фирдавс Қарши шаҳридаги “Насаф” стадионида Қашқадарё вилоятидаги олий ўқув юртлари ва коллежлар талабалари иштирокидаги ёшлар фестивали муқобил фикрлайдиганларни қоралаш руҳида ўтди.

Фестивалда қатнашган талабалардан бирининг сўзларига қараганда, тадбир аввалида ҳоким ва бошқалар Андижон воқеалари юзасидан маъруза қилган.

“Шу воқеаларга алоқадорлар сифатида Тўлқин Қораев ва Ёдгор Турлибековнинг исмлари ҳам айтиб ўтилди. Улар ватан хоини, хорижга сотилган шахслар бўлгани учун орамиздан йўқотилиши лозимлиги айтилди”, - деди талаба.

Маълум бўлишича, ёшлар фестивали митинг руҳида ўтказилган. Унда қашқадарёлик ёшлар президент ғояларини қўллаб-қувватлаши ва ҳар хил “иғво”ларга учмаслиги кераклиги таъкидланган.

Қашқадарё вилояти маърифат ва маънавият жамоатчилик кенгаши Маматқул Ражабов Т.Қораев (мустақил журналист) ва Ё.Турлибеков (ҳуқуқ ҳимоячиси) ёмон ниятли кимсалар экани, чет эл маблағига уйлар қуриб, машиналар олаётгани ҳақида маъруза қилган. Тадбирда бу кишиларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши лозимлиги айтилган.

Ё.Турлибеков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мухолифатдаги демократик кучларни яшаш жойларидан ҳайдаб чиқаришга чақириқлар кампания тусини олганини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Нодир Аҳадовнинг фикрича, мамлакат бўйлаб ўтказилаётган бундай тадбирлардан мақсад аҳолини янада манқуртлаштириш ва 2007 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловигача мустақил фикрлайдиган шахсларни четга ҳайдаб чиқаришдир.
XS
SM
MD
LG