Линклар

Иштони йўқнинг кулгиси ёки “фош қилувчи” ким ўзи?


Шайбон

13 июнь куни Андижон фожеаси бошланганига ропа-роса 1 ой бўлди. Шу вақт мобайнида Ўзбекистондаги кўплаб оммавий ахборот воситалари мазкур воқеаларни ёритган хорижлик ҳамкасбларини қоралашдан тингани йўқ.

“Фош этиш” руҳидаги бундай мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришларда хориж ОАВда ишлайдиган журналистлар нохолисликда, “Ўзбекистонни кўра олмаслик”да, баъзан эса қандайдир “қора кучларнинг буюртмасини бажараётганлик”да айбланаётир.

Энг ажабланарлиси, дейди мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев, ёзилаётган мақолаларнинг муаллифлари ўша кунларда Андижонда бўлган-бўлмагани номаълум ҳолда бу фожеаларни ўз кўзи билан кўрган журналистларни ёлғончига чиқаришга уриняпти.

“Мақолаларда ёзилишича, гўёки хорижий ОАВ вакиллари кишиларнинг айтганларини ўзича монтаж қилиб бераётганмиш. Маҳаллий ОАВда ҳам шундай ускуналар бор эди-ку. Нега улар ёлғонни фош этиб, 14 май куни Бобур ҳайкали пойида қурбонлар устида йиғлаб турган йигитларнинг гапларини бермади”, - деди А.Аннаев.

Унинг билдиришича, фожеа кунлари хорижий ОАВ вакиллари воқеа жойидан хунрезлик қурбонлари суратларини берган, гувоҳлар билан суҳбатлар уюштирган.

“Агар бу хорижлик ҳамкасбларимиз ўзбек ҳукуматига туҳмат қилаётган, ёлғон гапираётган бўлса, нега бизнинг телевидениемиз ўша куни халққа ўт очган “террорчи”ларни кўрсатмаяпти? Нега қуролли жангарилар халқни отгани ҳақида гапираётган “Ахборот” ёки “Давр”нинг журналистлари ўша кунги воқеаларни бевосита кўрсатмаяпти”, - деди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG