Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

“Халқингга ўқ отма, аскар ўғлим!”


Наманган вилоятининг Норин туманида яшовчи, ўғли ҳарбий хизматда бўлган киши “Озодлик” радиосига интервью бериб, аскарларни ўз халқига қарши ўт очмасликка чақирди:

“Аввало, мен аскарнинг отаси сифатида фарзанди ҳарбий хизматда бўлган ота-оналарнинг болаларига халққа ўқ отмасликни тушунтиришини истар эдим. Қачон тарихда ўз халқига ўқ отганлар кечирилган? Бунақа бўлмаган.

Шунинг учун сизларга (ота-оналарга) у хоҳ офицер, хоҳ оддий аскар бўлсин, инсоннинг ўз фикри бўлиши кераклигини тушунтиринг, деб мурожаат қилардим.

Бутун дунё Ислом Каримовдек одамнинг қўли қон бўлганини билиб турибди, наҳотки биз ўзбеклар шу ерда туриб, буни билмасак! Кимларнинг фарзанди эдик! Ўзимизни ўзимиз хор қиляпмиз.

Мен ўғлим уйга келганида ҳар сафар агар отсанг, сени ҳеч қачон кечира олмайман, деб айтаман. Уруғ-уруғимиз лаънатга қолади, деб доимо тушунтираман.

Абдулла Орипов, Хуршид Дўстмуҳаммадга ўхшаган, бири халқни жўжага, иккинчиси овқатнинг кўпигига менгзаган кишилардан юз ўгираман. Улар СССР пайтида ҳам шундай эди, Ислом Каримовдан кейин ҳам худди шундай қолишига мен ишонаман.

Ёшлигимдан шуларнинг шеърлари билан катта бўлгандим. Китобларини кўз қорачиғимдек сақлар эдим. Китобларини кўчага чиқариб, одамларга кўрсатиб ёқиб юбордим. Чунки бундайлар халқ шоири бўла олмайди. Яна қаҳрамон эмиш.

Мана, Дадахон ака қаҳрамон бўлиши керак. Ундан ўрнак олсак яхши бўларди. Шу одамни худо ўз паноҳида асрасин. Унинг қўшиқларидан руҳланиб, китобларидан, гапираётган гапларидан руҳланиб, Андижондаги воқеаларни кўриб баъзи фикрларни қоғозга туширгандим.”


Румин, гуржи ўғли элин отмаганди,
Украинлар, қирғизлар қон тўкмаганди,
Диктаторни қўллаб, халқин сотмаганди,
Сенлар нима қилиб қўйдинг, оқпадарлар!?

Билолмадим, сен ҳам биздек ўзбекмисан,
Ё президент қўғирчоғи, безбетмисан,
Ота-онанг борми сенинг, ё итмисан,
Ўз халқингни қопиб қўйдинг, оқпадарлар.

Бир қасамхўр буйруқ берса, отасанми,
Кўриб-билиб оға-ининг сотасанми,
Кексаю ёш гуноҳига ботасанми,
Имонингни ютиб қўйдинг, оқпадарлар.

Оғаларим жон бермоқда Андижонда,
Борай десам мадорим йўқ жисму танда,
Тўғриларга жой қолмади бу Ватанда,
Падарингга лаънат, сўқир оқпадарлар.

Мунофиқлар ёлғон билан яшамоқчи,
Юртбошининг ҳаром ошинг оқламоқчи,
Бир бизнимас, инсониятни алдамоқчи,
Сенлар лаққа тушиб қўйдинг, оқпадарлар.

Кўрдик, сохта қаҳрамонлар биз учун ёт,
Оқсаройнинг малайлари, бу йўлдан қайт,
Гуноҳинг юв, қотил Ислом Каримни от,
Қилар ишни қилиб қўйдинг, оқпадарлар.
XS
SM
MD
LG