Линклар

logo-print

Аҳолини заҳардан қутқаришга пул йўқ


Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги заҳарли кимёвий ва радиактив моддалар сақланадиган қабристонни зарарсизлантириш учун жорий йилда ҳам маблағ ажратилмаслиги маълум бўлди.

Бу қабристон яқин атрофдаги аҳоли саломатлиги ва экология учун жуда катта хавф туғдиради. Шунга қарамай, уни зарарсизлантиришга маблағ ажратиш масаласи 12 йилдан буён пайсалга солиб келинади.

Вилоят табиятни муҳофаза қилиш қўмитаси ер ресурслари инспекцияси бошлиғи бошлиғи Бердибой Собировнинг айтишича, Хоразмда заҳарли моддалар қабристонини зарарсизлантириш дастури ҳар йили ишлаб чиқилади. Бироқ деярли бирорта амалий иш қилинмайди.

Бу чиқиндихона “Хоразмқишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамиятининг ҳисобида туради. Мазкур ташкилот мутахассиси Қўзибой Сафоев қабристонни зарарсизлантириш фақат маблағ йўқлиги сабабли амалга оширилмаётганини билдирди.

Ўтган йили мутасаддилар шу мақсадда маблағ ажратишни режалаштирган эди. Бу маблағ эвазига заҳарли моддалар қабристони кўмиб ташланиши мўлжалланганди.

Б.Собировнинг билдиришича, Вазирлар Маҳкамаси бу иш учун 100 миллион сўм ажратишни режалаштирган. Аммо ҳозир мазкур маблағ бу йил ажратилмаслиги маълум бўлиб қолган.

Мутахасислар қабристонни зарарсизлантиришнинг пайсалга солиниши яқин атрофдаги аҳоли учун ўта салбий оқибатларга олиб келишидан бонг урмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, чиқиндихонадаги заҳарли моддалар таъсири натижасида 1998-2001 йиллар мобайнида “Оқмачит”, “Остона” ва Аваз Ўтар номидаги ширкат хўжаликларида яшовчи аҳоли ўртасида сил, жигар яллиғланиши, сурункали гепатит, ошқозон фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ касалликлар сезиларли даражада кўпайган. Шунингдек, кейинги пайтда оналар ва болалар ўлими, ногирон ва ақли заиф болаларнинг туғилиши тез-тез учрамоқда.

Расмий ҳужжатларда заҳарли дорилардан бўшаган алюминий идишлар ковлаб олиниб, улардан қозон, қошиқ, човгум каби уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқилиб, аҳолига сотилаётгани қайд этилган. 1998 йилда қабристондаги ўта заҳарли кимёвий дориларни ўғирлаш илк бор кузатилган бўлиб, бу ҳолат ҳали ҳам давом этмоқда.

“Бу заҳарлар Урганч шаҳрида, Ҳазораспдаги буюм бозорида, вилоятдаги бошқа бозорларда сотиляпти. Ахир, уларни бозорларда сотиш умуман мумкин эмас. Улар ўта заҳарли. Саратон касалини келтириб чиқаради”, - деди Б.Собиров.

Ҳужжатларда таъкидланишича, биргина “Оқмачит” ширкат хўжалигида 2002 йилнинг беш ойида 20 киши саратон касалидан вафот этган. Ўлганлар орасида ўсмир ёшдагилар ҳам бор.

Вилоят онкология диспансеридан олинган маълумотга кўра, ҳозир Хоразмда саратонга чалинган 5 мингдан ортиқ бемор аниқланган бўлиб, ўтган йили уларнинг 400 га яқини вафот этган.

Мутахассислар агар заҳарли моддалар қабристони зарарсизлантирилмаса, бу рақамлар янада ортиб боришини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG