Линклар

Ўзбекистонлик “фуқаролиги йўқ шахслар”


Лобар Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганлар орасида салкам 15 йилдан буён мамлакат фуқароси мақомини ололмай келаётганлар бор. Ҳолбуки, қонун бўйича мамлакатда камида беш йил яшаганлар фуқаролик олиш ҳуқуқига эга.

Кўпчилик нега ўзларига Ўзбекистон фуқаролиги берилмаётганини ҳалигача тушунмайди. Зеро, буни тушунтирадиган одамни ҳам топиш қийин. Уларнинг фуқаролиги бўлмаган шахс экани тўғрисидаги ҳужжати ҳар беш йилда янгилаб берилади, холос.

“Бизга фуқаролик бериш учун тепадан рухсат келмаётганини айтишади. 13 йилдан бери шу ерда яшаймиз. Лекин ҳалигача фуқаролик берилиши ҳақида хабар эшитмадик”, - дейди сирдарёлик “фуқаролиги йўқ шахс”.

Ўзбекистонда кўп йиллардан буён фуқаросизлик гувоҳномаси билан юрган кишилар ўзларининг сиёсий ҳуқуқлари билан бирга оддий инсоний ҳуқуқлари ҳам бузилаётганидан шикоят қилади.

Улардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда паспорт тартиби мавжуд шароитда фуқаросизлик гувоҳномаси билан бирор ёққа бориш ўзини чўққа уришдек гап.

Марям Чахояннинг Ўзбекистонда яшаётганига 40 йилдан ошди. Турмуш ўртоғи нафақа ёшига етганига эса 7 йил бўлди.

“Бироқ эрим фуқаролиги бўлмагани сабабли ҳалигача пенсия олмайди”, - дейди М.Чахоян.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг сўзларига қараганда, фуқаролиги бўлмаган кишиларни сабабсиз қамаб қўйиш, улардан текин мардикор сифатида фойдаланиш каби ҳолатлар кузатилади. Бу каби ҳуқуқбузарликлар аксарият ҳолларда ички ишлар ходимлари томонидан содир этилмоқда.

“Бизда фуқаролиги бўлмаган 90 га яқин кишининг рўйхати бор. Улар болалари учун нафақа олмайди, текин тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Айримларни мактабга ўқишга қабул қилмаган ҳолатлар ҳам бўлган”, - деди А.Фармонов.
XS
SM
MD
LG