Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:22

С.Умаров: “Президент истеъфоси қонунда кўрсатилмаган”


Тўлқин Демократик кучларнинг “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга мактуб йўллади. Мактубга Ўзбекистонни тинч йўл билан сиёсий инқироздан олиб чиқиш режаси илова қилинган.

Мактубда К.Райсдан мазкур режа билан танишаётганда 13 май куни Андижонда содир этилган фожеани ҳам назардан қолдирмаслик сўралади.

Мактубда юзага келган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий инқироз, аҳоли турмуш тарзининг ўта аянчлилиги, пул, нон топиш учун халқнинг бир қисми мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлаётгани Андижон фожеасини келтириб чиқарган асосий омиллар экани айтилади.

Коалиция вакиллари бу инқироздан чиқиш режаси сифатида ўзларининг олти банддан иборат таклифларини билдирган. Улардан биринчисида президент Каримов дарҳол мавжуд ҳукуматни истеъфога чиқариши ва парламентни тарқатиб юбориши кераклиги таъкидланади.

Коалиция раҳбари Санжар Умаровнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, президентнинг истеъфоси қонунда кўрсатилмагани сабабли “Серқуёш Ўзбекистон” ҳукумат ва парламент истеъфосини сўрамоқда.

Режанинг иккинчи бандида президент янги ҳукумат тайинлаши, унинг таркибига барча партия ва ҳаракатлар, жумладан мухолифатдаги ҳам, вакиллар киритилиши лозимлиги айтилади.

Кейинги бандда янги ҳукуматга иқтисодий ва сиёсий доирада кенг ваколатлар берилган тақдирда президент Каримов армия ва Миллий хавфсизлик хизматини ўз назоратида қолдириши мумкинлиги билдирилади.

Режанинг навбатдаги бандларида янги ҳукумат иш бошлаганидан кейинги 90 кун ичида иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар дастурини тайёрлаши, сиёсий маҳбуслар ҳамда қувғинда бўлганларнинг барчасига сиёсий амнистия қўлланиши лозимлиги таъкидланади.

С.Умаровнинг сўзларига кўра, режада сиёсий амнистия тўғрисида гап борса-да, аслида унинг ўрнига “реабилитация” сўзини қўллаш ўринли бўлади. Чунки сиёсий маҳбуслар ва қувғиндагилар мутлақо оқланиши керак.

С.Умаров мурожаатнома К.Райс номига йўлланган бўлса-да, ундаги таклифлар аслида Ўзбекистон раҳбарига қарата айтилганини маълум қилди.

“Райсда бу таклифларни Каримовга етказиш имконияти бор. Биз эса Тошкентда туриб ҳам бундай имкониятга эга эмасмиз”, - деди С.Умаров.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси таклифлари юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

Унинг айтишича, ҳозирги шароитда ҳукуматнинг эмас, балки президентнинг истеъфосини сўраш ўринлидир. Чунки Каримовнинг ҳокимиятдан кетиши унинг ўзи учун ҳам, халқ ва мамлакат учун ҳам яхши бўлади.

Т.Йўлдошев коалициянинг президент ваколатларини камайтириш тўғрисидаги таклифини фойдали ҳисоблади.

“Президент ваколатининг бир қисми ҳукуматга, парламентга ва фуқаролик жамиятига берилиши керак. Агар шундай қилинмаса, Ўзбекистон ўз тараққиётини таъминлай олмайди”, - деди сиёсатшунос.

Т.Йўлдошев коалициянинг К.Райсга мурожаат қилганини қўллаб-қувватламади. Унинг фикрича, бу пухта ўйлаб қилинмаган иш. Зеро, мактуб тўғридан-тўғри Каримов номига юборилиши ёки очиқ хат тарзида эълон қилиниши мумкин эди.
XS
SM
MD
LG