Линклар

БМТ Андижон воқеаларини текширишга киришди

  • Абдулла Искандар

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги вакилларидан иборат тўрт кишилик комиссия Андижон воқеаларини ўрганиш мақсадида Қирғизистонга келди.

Улар 10 кун давомида 13 май куни Андижонда юз берган қирғин тафсилотларини текширишни режалаштирган. Комиссия аъзолари Қирғизистондан паноҳ топган ўзбек қочқинлари билан мулоқотда бўлади.

Комиссарликнинг Женевадаги вакили Хосе Луис Диас ушбу миссиянинг мақсади расман 173, мустақил манбаларда эса 800 киши ҳалок бўлгани айтилаётган Андижон воқеаларига ойдинлик киритиш эканини маълум қилди.

“БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиза Арбур хоним расмий Тошкентдан Андижоннинг ўзида мустақил текширув ўтказилишини сўраган эди. Бироқ бунга рухсат этилмади”, - деди Диас.

Ўзбекистон раҳбарияти нафақат БМТ, балки Европа Иттифоқи ва бир неча давлатларнинг Андижондаги қонли воқеалар юзасидан мустақил текшириш ўтказиш таклифини рад этиб келмоқда.

Расмий Тошкент фикрича, Андижонда ўлдирилганларнинг барча “жиноятчи” ва “террорчи”лардир.

Бироқ фожеага шахсан гувоҳ бўлган журналист Галима Бухоробоева бутунлай бошқача тафсилотларни айтди. Унинг сўзларига қараганда, Андижондаги воқеалар айрим қуролли гуруҳларга қарши тадбир эмас эди.

“Бу олдиндан режалаштирилган ва онгли равишда бутун шаҳарни қириб ташлашга қаратилган амалиёт бўлди. Каримов тузуми иложи борича кўп одамни ўлдиришни ва бутун халқни тиз чўктиришни мақсад қилган эди”, - деди Г.Бухорбоева.

Айни пайтда БМТ вакиллари Қирғизистондаги ўзбек қочқинлари хавфсизлигидан хавотир билдирмоқда. 14 июнь куни бир гуруҳ номаълум кишилар ўзбек қочқинлари жойлашган лагерга келиб, уларга таҳдид қилган.

БМТ вакили Диаснинг айтишича, ҳозир лагерда вазият таҳликали ва ташкилот қочқинлар тақдиридан хавотирга тушмоқда.

Комиссарлик миссиясининг Қирғизистонга ташрифи БМТнинг Андижон воқеаларини ўрганишга қаратилган илк тадбиридир.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Улан Жусуповнинг билдиришича, миссия доирасида комиссия аъзолари Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Толе Хидиров билан музокара ўтказиб, вазирликнинг комиссарлик билан ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилади.

У.Жусупов, шунингдек, миссиянинг Жалолобод вилоятида бўлиши ва вазирликнинг миграция департаменти вакиллари билан учрашиши режалаштирилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG