Линклар

logo-print

Ўзбекистонда журналистлар фаолиятига тўсиқлар қўйилгани қораланди


Шайбон ЕХҲТ ва Россия фавқулодда журналистика маркази Ўзбекистонда май ойида мустақил ҳамда хорижий журналистлар фаолиятига бўлган чекловлар ҳақидаги ўз ҳисоботларини эълон қилди.

Ҳар икки ҳисоботда ҳам Андижондаги воқеалар ва ундан кейинги кунларда журналистларнинг эркин фаолиятига имкон берилмагани, Андижон вилоятидан, ҳатто мамлакатдан чиқариб юборилгани қайд этилади.

ЕХҲТ ҳисоботда айтилишича, 13 майдан сўнг Ўзбекистонга Буюк Британия, АҚШ, Франция, Италия, Словакия, Россия, Украина каби мамлакатлардан тележурналистлар етиб келган, аммо уларнинг бирортасига мамлакатда эркин ишлаш учун аккредитация берилмаган. Россиянинг Рен-ТВ канали журналистларига эса умуман мамлакатдан чиқиб кетиш тавсия қилинган.

ЕХҲТ журналистларга бундай муносабатни кескин танқид қилади. Россия фавқулодда журналистика маркази ҳисоботида эса Ўзбекистоннинг ичида фаолият кўрсатиш имконияти берилган журналистларга бўлган муносабатга эътибор қаратилади.

Бу ҳисоботда воқеа жойига боришга уринган журналистлар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қаттиқ қаршилигига учрагани ва ортга қайтариб юборилгани айтилади ҳамда ЕХҲТ ҳисоботидаги каби бу ҳолатлардан жиддий таажжуб билдирилади.

Зеро, Ўзбекистон президентининг ўзи бундан тахминан бир йил муқаддам ҳар қандай журналист мамлакатга бемалол келиши ва исталган жойига бориб, керакли маълумотни олиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Ҳар икки ҳисоботда ҳам Андижон воқеалари ва ундан кейинги кунларда электрон ОАВ, хусусан, кабель телевидениелари ва Интернетга чекловлар қўйилгани йирик муаммо сифатида тилга олинади.

Интернетдаги чекловлар шу кунларда ҳам давом этаётган бир пайтда яқинда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ўта жиддий оҳангда бундай чекловлар бўлмаганини таъкидлаганини эслаб ўтиш ўринлидир.

ЕХҲТ ҳисоботи сўнггида журналистларга эркинлик яратиб берилиши лозимлигига урғу берилади.

Ўша кунлари И.Каримов журналистларнинг Андижонга киритилмаётгани сабабли хавфсизлик эканини билдирганди.

“Отишма бўлаётган, боз устига, қамоқхонадан хавфли жиноятчилар қўйиб юборилган бўлса, дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида бундай жойга хорижий журналистлар йўллатилмайди”, - деганди Ўзбекистон раҳбари.

Аммо худди шу кунлари маҳаллий газеталардан бирида шаҳарда осойишталик экани тўғрисидаги тагсўз билан андижонликлар гул сотиб олаётгани тасвирланган сурат эълон қилинганди. Бу эса маҳаллий матбуот Каримовнинг айтганларини шубҳа остига қўйганига бир мисолдир.

Каримов ўша чиқишида журналистларни сабр қилишга чақирган ва Андижонга боришга улгуришларини таъкидлаганди.

Аммо сабр қила олмаган журналистлар, икки ҳисоботда ҳам ёзилишича, бугун маҳаллий матбуот орқали оммавий тарзда кескин танқид остига олинмоқда.
XS
SM
MD
LG