Линклар

Тўлқин Қораевнинг паспорти олиб қўйилди


Фирдавс 16 июнь куни соғлиғини тиклаш мақсадида Тошкентга йўл олган қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди.

Т.Қораев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қарши шаҳридан 5 километрча узоқда жойлашган милиция постида паспорт текшириш баҳонасида ушланганини билдирди.

Журналистнинг айтишича, у тушган машинадаги барча йўловчилар ички ишлар бўлимига олиб келинган. Бу ерда улар беш соатдан ортиқ ушлаб турилган.

Т.Қораевнинг сўзларига қараганда, у билан бирга Тошкентга кетаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси Акмал Аҳмедов ҳам ушланган. Ички ишлар ходимлари ҳар иккисининг паспортини олиб қўйиб, ўзларини уйига жўнатиб юборган. Паспортлар нега олиб қолинаётгани юзасидан улар изоҳ билдирмаган.

Майда безориликда айбланиб 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосини ўтаган Т.Қораев яқиндагина озодликка чиққанди. У қамоқда очлик эълон қилган. Лекин бу акцияга ички ишлар ходимлари эътибор қаратмаганди.

Бу вақт давомида унинг ташқи дунё билан алоқаси деярли бутунлай узилиб қолганди. Журналист ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан тайёрланган фитна туфайли жазога тортилганини билдирганди.

Қамоқдаги очлик соғлиғи учун беиз кетмагани сабабли Т.Қораев Тошкентга бориб, соғлиғини тиклашни мақсад қилганди.
XS
SM
MD
LG