Линклар

АҚШ Хонободдан чиқиб кетмоқда

  • Барно Анвар

АҚШ Ўзбекистондаги Хонобод ҳарбий базасидан ўз ҳарбий юк ташувчи самолётларини бошқа базаларга кўчираётгани юзасидан расмий Тошкент бирорта муносабат билдираётгани йўқ.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон АҚШнинг Хонободдаги самолётлари парвозига чеклов эълон қилгандан кейингина Америка ҳарбий кучларини бошқа базаларга кўчира бошлаган.

Ўзбекистонлик таҳлилчи ва кузатувчилар эса Андижон воқеаларидан сўнг расмий Тошкент олиб бораётган сиёсат шундай натижаларга олиб келиши аввалдан равшан бўлганини айтмоқда.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, АҚШ Хонободдан ҳарбий кучларини олиб чиқишга қарор қилгани икки мамлакат ўртасида сўнгги вақтларда совуқлашиб қолган муносабатларнинг анча таранглашгани аломатидир.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон АҚШ самолётлари парвозига чеклов қўйгани икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисида шартномага бир томонлама риоя қилмаслик ҳисобланади. Расмий Тошкент бу ҳаракати билан ўзининг асосий стратегик шериги Россия эканини намойиш этмоқда.

Аксарият таҳлилчилар АҚШ Хонобод ҳарбий базасидан бутунлай чиқиб кетиши ҳам мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу эса АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларда қатъий қарорга келганидан дарак сифатида қабул қилинади.

И.Худойберганов Ғарб давлатлари сўнгги вақтлардаги хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ҳукумати эмас, балки халқи томонга ўтганини намойиш этаётганини билдирди.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида тобора кескин тус олаётган муносабатлар, жумладан, АҚШнинг Хонободдан чиқиб кетиши ҳақида бирорта маҳаллий оммавий ахборот воситасида ахборот берилаётгани йўқ. Аксинча, Ўзбекистон ОАВси Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШни қораловчи материаллар билан тўлиб-тошган.
XS
SM
MD
LG