Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:36

Н.Ҳидоятова: “Ишчи гуруҳга ҳеч ким ишонмайди”


Феруза Ўзбекистон Бош прокуратурасида Андижон воқеалари юзасидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган тергов ишларини мониторинг қилиш мақсадида тузилган халқаро ишчи гуруҳ билан учрашув бўлди.

Учрашувда ўринбосари ишчи гуруҳ аъзоларига тергов вақтида қўлга киритилган янги маълумотлар тақдим этилди.

Ушбу ишчи гуруҳга Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари аъзодир. Маълум бўлишича, ишчи гуруҳ ёпиқ тарзда фаолият юргизмоқда.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Анвар Набиев ушбу гуруҳга тақдим этган материалларга кўра, Андижон воқеалари “халқаро радикал кучлар”нинг пухта уюшган ва ҳозирлик кўрилган режалари асосида амалга оширилган. Бу “радикал кучлар”нинг асосий мақсади “конституциявий тузумни мажбурий равишда ағдариб ташлаб, халифалик қуриш” бўлган.

А.Набиев тергов жараёнида Андижон воқеларини амалга оширишда Туркистон исломий ҳаракати (собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати), “Ҳизб ут-таҳрир” ва унинг бир тармоғи бўлган акрамийларнинг қўли борлиги аниқланганини таъкидлади.

Ушбу учрашув чоғида Андижон воқеаларида қурбон бўлганлар ва ярадорлар ҳақидаги янги маълумотлар келтирилди.

Унда билдирилишича, бу воқеаларда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 176 та бўлиб, шулардан 79 таси “террорчи”, 20 нафари ички ишлар ходими, 11 таси ҳарбий хизматчи, 45 таси тинч аҳоли вакилидир. 21 жасаднинг шахси тўла аниқланмаган.

Шунингдек, Андижонда 295 киши яраланган. Уларнинг 62 нафари “террорчи”, 47 таси ҳуқуқ-тартибот ходими, 35 таси ҳарбий хизматчи, 18 нафари тинч аҳоли вакилидир. Қолган ярадорларнинг “террорчи”ларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.

А.Набиевнинг маълум қилишича, тартибсизликлар оқибатида 73 автомашина ва 20 дан ортиқ бино ёқиб юборилган бўлиб, етказилган жами зарар 3 миллиард сўмни ташкил этган.

А.Набиев Андижон воқеаларини ташкил этишда хорижий фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳиссаси борлиги, “қўпорувчилар” қўлидаги қуролларнинг катта қисми Ўзбекистонга ташқаридан олиб кирилганини таъкидлади.

У Қирғизистондаги қочқинлар лагеридаги шахсларнинг аксарияти “террорчи”лар ва қамоқхонадан чиқариб юборилган маҳбуслар эканини ҳам қайд этди.

Бош прокуратура матбуот хизмати вакили “Озодлик” мухбирига А.Набиев томонидан келтирилган “рад қилиб бўлмас далиллар” нималардан иборат экани тўғрисида маълумот беришни истамади.

Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова Бош прокурор ўринбосари келтириб ўтган рақамларни шубҳа остига олди.

Унинг сўзларига қараганда, партия вакиллари олиб борган текширувлар натижасига кўра ўлганлар сони ҳозиргача 740 нафарни ташкил этмоқда. Қолаверса, тақдим этилаётган расмий маълумотлар кун сайин ўзгариб бораётгани уларга ишонч билан қарашга ундамайди.

Н.Ҳидоятова хорижий элчихоналар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти халқаро ҳамжамият учун ишончли бўлмаслигини таъкидлади.

“Бу гуруҳнинг хулосалари дунёда Андижон фожеаларидан кейин шаклланган мустаҳкам позиция ва муносабатни ўзгартиришга қодир эмас”, - деди Н.Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG