Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:03

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

“Моҳият” газетасининг 17 июнь кунги сонида Самир Саидовнинг “Ойимча нега тунда сим қоқди?” сарлавҳали киноясимон мақоласи чоп этилди. “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова ҳақидаги ушбу мақолада муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Куни-кеча нима бўлди-ю, Нигорахоннинг қизлари уйга келмай қолди. Албатта, жигарбанди ҳе йўқ, бе йўқ уйга келмай қолади-ку, қайси бир она у ҳақда қайғурмайди, дейсиз. Буни қарангки, қайғуришда ҳам қайғуриш бор экан. Ўзбекистонда гўёки инсон ҳуқуқлари топталаётганини бутун жаҳонга “овоза” қилиб, сохта ном қозониш бўйича устаси фаранг Нигорахоним қизининг уйга қайтмаганлиги важидан ҳам ўз мақсади йўлида фойдаланиб қолишга киришди. Қизи нима учун уйга қайтмаганлиги, унинг қаерда эканлигини аниқламасдан туриб, Нигорахоним “кўп юлдузли” хорижий давлат фуқароси бўлмиш кураторига оғиз кўпиртириб, гўёки қизи ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўғирлаб кетилганлигини “ошкор” қилди”.


“Ҳуррият” газетасининг 15 июнь сонида Шавкат Миролимов ва Тўлқин Эшбекнинг “Журналистикамиз тараққиётида муҳим босқич” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда мамлакат раҳбарининг “2005\2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарори хусусида мулоҳаза юритилиб, бугунги матбуот ҳақида баъзи мулоҳазалар билдирилади: “Омманинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида яна бир нозик муаммо шуки, пойтахтда ҳаминқадар нусхалардагина чоп этилаётган газета-журналлар олис-олис қишлоқларга деярли етиб бормаётир. Минглаб хонадонлар ойлар мобайнида бирорта газета ололмаётганидан, афсуски, кўз юма олмаймиз. Ривожланган давлатларда эса ҳар куни камида икки-учта газета олмайдиган бирорта хонадон қолмаскан. Уларнинг газеталари ҳам 80-100 саҳифалик бўлиб чиқишини ҳисобга олсак, илғор хорижликлар кунига қанча ахборотдан баҳраманд бўлишларини тасаввур этиш қийинмас. Демак бизда ҳам, аввало, маҳаллий нашрларни такомиллаштиришнинг мавриди етди!”


Шу кунларда барча марказий газеталарда “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!” шиори остида Андижон воқеаларига муносабатлар чоп этилмоқда.

Шундай мақолалардан бири “Халқ сўзи” газетасининг 16 июнь кунги сонида босилди. “Оила” илмий-амалий маркази директори Васила Каримова “Ният холис бўлса...” сарлавҳали мақоласида бундай ёзади: “Минг афсуски, қўли билагигача қонга ботган, инсон сифатида йўлдан мутлақ адашиб, ёмонликдан бошқага ярамай қолган одамлар бор. Улар ўша энг ривожланган кучли, бой-бадавлат, демократияни “қуриб бўлган” мамлакатлардан паноҳ топмоқда. Буюк Британиянинг пойтахтида бир гуруҳ диний ақидапарастларнинг қароргоҳи жойлашган, у ерда “меҳнат қиладиганлар” учун шароит яратиб бераётганлар ҳам бор. Бўлар-бўлмас ғаламис хабарларни етказаётган радио ёки бошқа ахборот воситаларини молиялаштираётган “хўжайинлар” ҳам йўқ эмас. Буни ҳамма билади, лекин терроризм балосига қарши барча бирлашиб курашиши лозим бўлган замонда уларга ҳеч ким халақит бермайди”.
XS
SM
MD
LG