Линклар

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалар юзасидан мустақил, халқаро текширув ўтказилиши ҳақида чақирувларини яна бир бор баён қилди.


ЕХҲТнинг раиси, Словения ташқи ишлар вазири Димитрий Рупел айни баёнот билан чиқиш қилди.
ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси бугун эълон қилган ҳисоботда Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочқинлар сўзлаб берган гувоҳликлар битилган.
Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати 13 май куни давомида қуролсиз фуқароларга қарши бир неча бор куч ишлатган. Тинч аҳолига нисбатан ишлатилган куч, дейилади ҳужжатда, тартибсиз ва ўринсиз бўлган.
ЕХҲТга кўра, ҳукумат кучлари фуқароларга қарата огоҳлантирмасдан ўт очган.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идораси матбуот котиби Урдур Гуннардотир Озодлик радиосига воқеаларда ярадорларни отиб ўлдириш ҳоллари бўлганини айтди.
“Кўпчилик гувоҳликларга кўра, Андижондаги воқеаларда қуролсиз фуқаролар қонунга зид равишда ўлдирилган. Ҳатто, ярадорларни отиб ўлдириш ҳоллари ҳам бўлган”, - деди ташкилот вакили.
Воқеаларда неча киши қурбон бўлгани ҳали ҳам ноаниқ қолмоқда.
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси эълон қилган янги маълумотларга кўра, қонли воқеаларда 300дан 500гача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ҳукуматининг таъкидлашича, 176 киши, жумладан хавфсизлик кучалри, Исломчи жанггарилар ва фуқаролар қурбон бўлган.
XS
SM
MD
LG