Линклар

О.Орипов: “Эрк”ка қарши сохта айбнома тайёрланяпти”


Тўлқин “Эрк” демократик партияси вакиллари Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси қабул қилинганига 15 йил тўлиши муносабати билан анжуман ўтказди. Анжуманда партия баёноти қабул қилинди.

Партия бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, дунёда мустақиллик куни мустақиллик эълон қилинган кунда нишонланмайдиган Ўзбекистондан бошқа давлат йўқ. Ўзбекистон мустақиллиги куни шу ҳақдаги декларация расман тасдиқланган 20 июндир.

“Бу ҳужжатни ҳокимиятнинг ўзи, парламентнинг ўзи эълон қилганди. Бироқ декларацияни амалга оширишга ҳокимиятнинг ўзи 14 ой мобайнида фаол қаршилик қилди. Бунинг сабаблари кўп. Биринчи сабаби, бу декларациянинг ташаббускори ҳам, муаллифи ҳам “Эрк” партияси эканидир”, - деди О.Орипов.

Унинг таъкидлашича, анжуманда партия баёноти қабул қилинишига Мустақиллик декларациясининг 15 йиллиги билан бирга Андижон воқеаларидан кейин “Эрк” фаолларига, мухолифатдаги кучларга тазйиқлар кучайганидир. Қолаверса, “Эрк” партиясига қарши сохта баённома тайёрланмоқда.

“Бу сохта айбномага кўра, “Эрк” партияси давлатга қарши террорчилик ҳаракатлари учун “Бўрон” номли операция тайёрлаган. Операцияни тайёрлашда партия марказий кенгаши аъзолари ва жойлардаги раҳбарлари махфий учрашувлар ўтказган. Махфий хизматлар томонидан бизни шу сценарийга йўналтиришга уринишлар бўляпти”, - деди О.Орипов.

Қабул қилинган баёнотда партия халқаро ҳамжамиятни ўзбек ҳукуматидан қатағонларни тўхтатишни талаб қилишга чақиради.

“Биз 15 йиллик диктатура ҳукмронлиги даври ўз поёнига етаётганига шубҳа қилмаймиз. Биз учун бу якуннинг тинч йўл билан бўлиши муҳим. Биз, ўз ватани фидойилари, Андижон фожеаси, оналар кўзёшининг қайтарилишини истамаймиз. Биз мухолифатни махсус хизматларнинг фитналарига, радикал шиорлар тузоғига тушмасдан тузумга қарши тинч йўл билан қаршилик кўрсатишга чақирамиз”, - дейилади баёнотда.

О.Ориповнинг айтишича, партия фаоллари тинч йўл билан мавжуд тизимга қаршилик қилишга чақириқ тазйиқларнинг янада кучайишига олиб келишидан чўчимай. Чунки улар халқ учун шу ишларни қилмоқда. Уларнинг таянчи ҳам халқ.

“Биз аминмизки, - деди партия бош котиби, - ҳозир ҳукумат ҳамда халқ ўртасида душманлик вужудга келди ва бу душманлик тобора кучайиб боряпти. Биз аминмизки, милиция ва армиядаги миллатдошлар энди ўз ота-онасига, ака-укасига ўқ отишдан тийилади”.

Мустақиллик декларация ҳозир Ўзбекистонда нишонланадиган мустақиллик кунидан 14 ой муқаддам - 1990 йил 20 июнида Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинган. Бироқ мустақиллик тарихининг бу энг муҳим саҳифаси мамлакатнинг мавжуд ҳукумати томонидан унутилган. Бу ҳақда эслаш, ҳатто маҳаллий матбуот ва тарих китобларида қайд этиш тақиқланган.
XS
SM
MD
LG