Линклар

logo-print

Ўзбекистон телевидениесининг “булбуллари”


Турғунбек

Андижон аҳли май ойида бу ерда юз берган воқеалар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бузиб талқин этилаётгани, халқ ахборот танқислигига учраётганидан шикоят қилмоқда.

2,5 миллионли Андижон вилояти аҳлининг 80 фоизи фақатгина Ўзбекистон телеканаллари орқали ахборот олиш имкониятига эга. Аммо кўпчилик Андижон воқеалари ҳақида бу телеканалларда айтилаётган гапларга ишонмаслигини билдирмоқда.

“Ўзбекистон матбуоти гўёки хорижий журналистлар туҳмат қилаётгани ҳақида чиқишлар қиляпти. Мамлакатимиз телевидение ва радиоларининг шунча мухбирлари бор. Бироқ ўша кунлари улардан бирортаси бу ерда нима бўлгани ҳақида кўрсатгани, гапиргани йўқ. Аммо хорижий журналистлар, масалан, Галима Бухорбоева ариққа ётиб, тўғридан-тўғри интервьюлар берди. Шу кўрганларнинг айтгани тўғримикин ёки бизнинг кўрмаган журналистларимиз айтаётгани тўғримикин? Улар шундай қилиб барака топиб юраверармикин”, - дейди андижонликлардан бири.

Бир аёлнинг айтишича, Андижонга кейинроқ маҳаллий журналистлар келган. Аҳоли улар билан кўришиб, гаплашаман деса, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, раҳбарлар бунга қаршилик қилган.

Андижонлик бир кишининг сўзларига қараганда, Ўзбекистон марказий ва маҳаллий телеканаллари журналистлари худди воқеаларни ўз кўзи билан кўргандек тасвирламоқда. Аслида уларнинг бирортаси Андижонга келмаган.

“Ҳатто чилопчиндек салла ўраган бир киши Андижон телевидениесидан чиқиб, бу ерда ўлганларнинг шаҳид-шаҳидмаслиги муҳокама қилди. Ваҳоланки, бу саллали билиши керакки, ҳатто сувга чўкиб ёки том босиб ўлганлар ҳам шаҳид ҳисобланади. Қорнидан, бошидан ўқ еб ўлади-ю, у шаҳид бўлмай, кофир бўлсинми? Бу одамлар худодан жиндай қўрқиши керак. Тошкентнинг биринчи каналида Қуддус Аъзам деган “булбул” йигитимиз бор. “Ёшлар” телевидениесида Хайрулла Нуриддинов деган яна бир “булбул” бор. Улар Тошкентда ўтириб, ўзларининг тегирмонига сув қўядиган одамларни йиғиб, Андижон воқеаларини шунақа муҳокама қиляптики, гўёки бу “қаҳрамонлар” воқеаларнинг ичида юргандек гапиряпти. Ваҳоланки, улар Андижон чегарасидан ўта олган эмас. Наҳотки, одамда виждон бўлмаса, бу гаплари ўликнинг устига чиқиб тепиш бўлаётганини билмаса”, - деди андижонлик киши.
XS
SM
MD
LG