Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:07

Андижон қурбонларининг “қирқи” бўлди


21 июнь куни сиёсатшунослар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий фуқаролардан бир гуруҳи Тошкентдаги “Матонат” монументи қошига тўпланиб, Андижон фожеалари қурбонларини хотирлади.

Йиғилганлар бу фожеага қирқ кун тўлиши муносабати билан у ерда қурбон бўлганлар хотирасига Қуръон тиловат қилди ва монумент пойига гулчамбарлар қўйди.

Маълум бўлишича, ушбу маросимга жуда кўп киши келиши кутилганди. Аммо бу ердаги вазиятни кўриб, кўпчилик қайтиб кетган. Чунки атроф ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўраб олинган эди.

Мазкур маросимга келаётган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам монументга етар-етмас ҳибсга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилди ва бир неча соат давомида ушлаб турилди.

Т.Йўлдошевнинг айтишича, у ички ишлар ходимлари бу ерга келганларни ушлаш мақсадида улар орқасидан қувганига гувоҳ бўлган. Бир неча иштирокчи эса ички ишлар бўлимларига олиб кетилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Андижон фожеасида ҳалок бўлган болалар учун монумент пойига рамзий қўғирчоқ ҳам қўйилган. Шундан кейин “Андижонлик болалар, осойишта ухланг”, “Сизнинг бегуноҳ қонингиз учун Ислом Каримов халқаро суд олдида жавоб беради”, “Андижонлик оналар, биз сиз билан қайғудошмиз”, “Андижонликлар қони сиёҳ эмас” каби сўзлар битилган плакатлар кўтарилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, бу плакатларни кўтариш 2 минутча давом этган. Фуқаро кийимидаги милиция ходимлари уларни йиртиб ташлаган.

Т.Йўлдошевнинг билдиришича, ички ишлар бўлимларига олиб келинган маросим иштирокчиларига милиция ходимлари ёмон муносабатда бўлмаган.

“Аксинча, бугунги танг шароит милиция ходимларининг ҳам жонига тегиб кетганлиги шундоққина сезилиб турарди. Уларнинг ўзи шароит ёмонлиги тўғрисида биздан кўра кўпроқ ҳасрат қилди. Доимо биз томонда эканлигини, лекин буйруқни бажаришга мажбурлигини таъкидлади”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG