Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:51

“Беслан чақириғи” Андижон фожеаси фонида


Дилнаво “Росхорижмарказ” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Дунё болалари ва келажакни терроризмдан ҳимоя қилиш” шиори остида “Беслан чақириғи” мурожаатномасига имзо йиғишни бошлади.

Россиянинг Шимолий Осетия-Алания Республикаси парламенти депутатлари томонидан дунё халқлари ҳамда парламентларига йўлланган бу мурожаатномада инсоният терроризм балоси қаршисида бирлашишга даъват этилади.

Мурожаатномада 2004 йил 1 сентябрда Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳридаги мактабда юз берган террорчилик ҳаракати тилга олинган. Ўшанда ўқув мавсуми бошланиши муносабати билан мактабга йиғилган ўқитувчилар, болалар ва уларнинг ота-оналари террорчилар томонидан 3 кун давомида гаровда ушлаб турилганди.

Мазкур террорчилик ҳаракати оқибатида 330 киши қурбон бўлганди. Ўлганларнинг 178 таси болалар эди.

Мурожаатномада инсониятнинг терроризмга қарши курашда бирлашуви болаларни бу балодан ҳимоя қила олишига ишонч уйғотиши таъкидланади.

“Росхорижмарказ”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиласи Татьяна Мишуковскаянинг “Озодлик” мухбирига айтишича, “Беслан чақириғи” олам тақдирига, болалар тақдирига, бахтли келажак тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга қаратилган. Мурожаатномада халқаро терроризмга, урушга қарши чиқаётган ва бу курашда ўз ҳамдардлигини, журъатини, бирдамлигини намоён қилаётган холис ниятли барча кишилардан Беслан чақириғига қўшилиш сўралади.

Т.Мишуковскаянинг билдиришича, шу йил 3 сентябрда Беслан фожеасига бир йил тўлади ва бу мотам кунида бутун дунёдан йиғиб келинган имзолар эълон қилинади.

Т.Мишуковская Ўзбекистон халқи бу борада энг кўп ҳисса қўшганлар сафида бўлишига умид билдирди.

“Чунки терроризм нима эканини, ўлим нима эканини ўзбек халқи ўз тажрибасидан яхши билади. Яқинда аянчли Андижон фожеасини ҳам бошдан кечирдик”, - деди у.

Мактаб ўқитувчиси Нигора Ҳамидованинг таъкидлашича, Андижон фожеасининг бегуноҳ қурбонлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан хотирланишга ҳам арзимади.

“Бу фожеаларни террорчилар зиммасига юклаётган ҳукумат қурбонларни хотирлашни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ. Ваҳоланки, Бесландаги террорчилик ҳаракати қурбонларига орадан бир йил ўтганига қарамай, таъзия билдириляпти. Бизда эса ҳали бир ой бўлмасидан ҳаммасини бости-бости қилишга, эсдан чиқаришга ҳаракат қилиняпти”, - деди Н.Ҳамидова.
XS
SM
MD
LG