Линклар

logo-print

Парламент комиссиясининг “аввалдан маълум” хулосалари эълон қилинди

  • Барно Анвар

Андижон воқеалари бўйича “мустақил текширув” ўтказаётган Ўзбекистон парламенти комиссияси 20 июндаги йиғилишида ўзининг дастлабки текшируви натижаларини эълон қилди.

Дастлабки текширув натижаларига кўра, 13 май куни Андижон шаҳрида содир бўлган ҳодиса пухта ишлаб чиқилган режа асосида ташқаридан туриб амалга оширилган. Андижон ҳодисаларини уюштиришдан мақсад аввалига алоҳида бир ҳудудда ва кейинчалик бутун Марказий Осиёда ҳокимиятни қўлга олиш бўлган.

Парламент комиссияси раиси Муҳаммадилҳом Йўлдошев, комиссия аъзолари Сорахон Аҳмедова ва Зуҳра Ботировадан дастлабки текширув натижалари юзасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Қизиғи шундаки, комиссия раҳбари бу юзасидан нафақат “Озодлик” радиосига, балки маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ҳам бир оғиз интервью беришни лозим топмаган кўринади. Зеро, 21 июнь куни айни натижалар эълон қилинган йиғилишга маҳаллий ОАВдан фақат Ўзбекистон марказий телевидениеси журналистлари қўйилган, холос. Телевидение журналистлари тайёрлаган материал ҳам жуда қисқа бўлди.

Комиссия аъзолари қайси манбаларга асосланиб шундай хулосага келгани, “бутун минтақада ҳокимиятни қўлга киритмоқчи бўлган ташқи кучлар” кимлар экани ҳақида бирорта маълумот тарқатилгани йўқ.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, аввалига хорижий матбуот ҳар қандай расмий маълумотдан четлатилган бўлса, эндиликда маҳаллий ОАВ ҳам расмий хабардан қисилмоқда. Бу эса аҳолини ахборот вакуумида сақлаб туриш мавжуд тузумнинг асосий мақсади эканидан дарак беради.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов бу комиссия мустақил хулоса чиқара олмайди, деган фикрларга қўшилишини таъкидлади.

“Чунки комиссияни ташкил қилган парламентнинг ўзи мустақил эмас. Бошдаёқ президент томонидан расмий версия айтилган ва расмий органлар томонидан фақат шу версия атрофида гап бўлиши аниқ эди. Ҳозир барча чоралар расмий версияни тасдиқлашга қаратилган”, - деди О.Орипов.

Шу кунларда маҳаллий расмий органлар текширувларини мониторинг қиладиган хорижий дипломатлардан иборат ишчи гуруҳнинг Андижон шаҳри ва вилоятига бориши кутилмоқда.

Ўзбекистон телевидениеси хабарига кўра, парламент комиссияси раиси Муҳаммадилҳом Йўлдошев ўзи бошчилик қилаётган комиссия мазкур ишчи гуруҳ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG