Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:12

Отаназар Ориповнинг “чироқсиз” тунлари


Тўлқин 21 июнга ўтар кечаси ярим тунда “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг уйи электр, сув ва газ тармоғидан узиб қўйилди. 20 июнда бу уйда партия фаолларининг йиғилиши ўтказилганди.

Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси қабул қилинганига 15 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ушбу йиғилишда партия аъзоларидан ташқари журналистлар, ЕХҲТ ваколатхонаси ва АҚШ элчихонаси вакиллари иштирок этган эди.

О.Ориповнинг маълум қилишича, маҳалла раҳбарлари унинг уйини сув, электр, газ тармоқларидан узиб қўйиш ҳақида тегишли коммунал хизматларга мурожаат қилган. Ушбу хизматларнинг махсус бригадаси тундаёқ бу мурожаатни қондирган. Бироқ улар нима мақсадда бу чораларни қўллаётганини тушунтириб бера олмаган.

“Сувсоз” трести вакилининг “Озодлик” мухбирига айтишича, қонунга кўра узоқ муддат давомида коммунал тўловларни тўламаган шахслар огоҳлантиришдан кейингина коммунал тармоқлардан узиб қўйилади. Бу чора коммунал хизмат идорасининг махсус қарори бўйича амалга оширилади.

О.Орипов коммунал хизматлардан маълум миқдорда қарздорлигини тан олди. Лекин, унинг таъкидлашича, уйни сув, газ ва электр тармоғидан узиб кетган бригада коммунал хизматларнинг тўловларни ундирувчи вакиллари эмас, балки авария хизмати ходимлари экани бу чора махсус буюртма билан амалга оширилганидан далолат беради.

Маълум бўлишича, партия фаоллари йиғилиши ўтказилган куни “Эрк” марказий кенгаши аъзоси Аъзам Турғуновнинг ўғли машинаси билан биргаликда қўлга олинган. Ўғли шу куни қўйиб юборилган бўлса-да, машинаси қайтариб берилмаган.
XS
SM
MD
LG